"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Адабиёт

"Илмга бахшида умр" мемуар (иккинчи китоб)






Х о р а з м и й   А.  Х.














И л м г а   б а х ш и д а   у м р 

( Иккинчи  китоб)

















Л о н д о н - 2012







Кириш

Бисмиллаҳир  Роҳманир  Роҳийим

Буюк илм ва қудрат эгаси улуғ Аллоҳга беадад
ҳамду санолар бўлсин!

Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) алейҳиссаломга дуруду саловотлар бўлсин!

           Келажакни билиш ва белгилаш учун тарих(ўтмиш)ни ўрганиш, таҳлил қилиш ва унинг сабоқлари асосида келажакка интилиб бориш зарур.
        Мен ёшлигимдан ҳаёт ва фаолиятим (автобиографиям)даги асосий нарсаларни ёзиб боришга одатланганман. Бу ёзилган кўп йиллик материаллар таҳлил қилинса умринг нимага ўтаётгани, қилган хатоларинг, камчиликларинг ва ютуқларингни кўриш қийин  бўлмас экан ва шу асосда келажакдаги қилиш лозим бўлган ишларни режалаштириш бирмунча осон кечар экан. 
         Бундан ташқари бизнинг (60-70) ёшимиздаги одамларга иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир кунлар ва очликнинг охирги (патрак ва зоғора еган) йилларини, ҳаёт тўкин-сочин бўлган «Коммунизм» деб шарафланган ва капитализм лаънатланган 1980-1985 йилларни, асрий истиқлолга эришиб коммунизм лаънатланиб капитализм шарафланган 1990 йилдан кейинги ҳаётнинг гувоҳи бўлган одамларнинг кўрган-кечирганлари у ёки бу минтақа, жамият ва сиёсат тарихи ҳақидаги тасаввурга эга бўлишда маълум бир аҳамият касб этади десам хато бўлмас.
       Бу (иккинчи) китоб  менинг 21-асрда, яъни, 2000 йилдан кейинги ҳаёт ва фаолиятимни ўз ичига олади ва бу китоб менинг адолат учунги курашларим билан бошланади. "Илмга бахшида умр” номли мемуаримнинг биринчи китобига профессорлар О.Хасанов ва О.Усмонлар томонидан ёзилган муқаддимада "Иккинчи китоб "Ботиний илм излаб”, деб номланади ва унда 1998 йилдан кейинги Хоразмийнинг асосан ботиний илмлар билан боглиқ фаолияти акс этдирилади”, деб қайд қилинган. 
           Менинг ҳаёт ва фаолиятимдаги кутилмаган ўзгариш – 2005 йил ноябрдан мухожиротга юз тутганим боис, юқориги қайд ҳам бир оз ўзгарди: Диний-тасаввуфий (ботиний) сохадаги изланиш ва фаолиятим ҳақидаги битиклар ТАНЛАНГАН АСАРЛАРимнинг "Диний-тасаввуфий илм ичра”, деб номланадиган жилд(том)ида тўпланадиган бўлди.
      Мен бу меъмуарни ёзишда ҳеч бир сиёсий мафкурага  (ўз замонасининг маддоҳларига ўхшаб) ён босмадим. Ваҳоланки тарих бу- (шу жумладан менинг тарихим ҳам) фан, у ҳеч қандай сиёсатга ён босмаслиги керак деб тушунаман. 
       Бу китобда келтирилган факт, ҳодиса ва воқеаларнинг кўплари менинг илмий ва ижодий фаолиятим билан боғланган бўлганлиги учун ҳам у бадийлаштирилмади. Бунинг устига  камина (муаллиф) ёзувчи ёки сўз устаси ҳам эмас. Шу  боис ҳам бу китоб кўпгина китобхонлар учун зерикарлироқ бўлсада маълум бир илмий-тарихий аҳамияти ҳам йўқ эмас.
           Китобда келтирилган далил ва тафсилотларда бирон ноаниқликлар, қўпол ва кескин иборалар ишлатилган бўлса, менинг ҳеч кимда хусуматим йўқлигини ва сўз устаси эмаслигимни ҳисобга олиб китобхон менинг узримни қабул қилар деган умиддаман. 




- Боб.
 Хизматга туҳмат ҳам қисмат

Менинг эл-юрт, илм-фан, Ҳақ ва ҳалқ учун қилган кўпчилик ишларимни нафақат менинг китобларимдан шунингдек  мамлакатимиз ва жаҳон оммавий ахборот воситалари орқали ҳам кўпчилик билади.
1997 йилда ҳаж зиёратига боришим, Хоразмда пленка остига чигит экиш, пахта агротехникаси борасидаги фикрларим, ЎзПИТИ Хоразм филиали ишчи хизматчиларига уй қуриш учун ер ажратилиши билан боғлиқ тафсилотлар маҳаллий раҳбарият (И.Юсупов) билан чиқиша олмай қолишимга сабаб бўлди. Натижада мен ишлаб турган барча вазифаларимдан «ўз аризамга асосан» кетишга тўғри келди. Булар ҳақида эса 2001 йилда нашр қилинган «Илмга бағшида умр» номли китобимда баён қилинган. 
Адолат тикланишига умид қилиб мамлакат президентига бир неча марта ариза билан, ҳатто ҳалқаро оммавий ахборот воситалари орқали мурожат қилишим нафақат бирон натижа бермади, аксинча зарари тегди. Шу боис адолатнинг тикланишига умид қолмаган бўлсада мухбирнинг саволларига жавоб беришга розилик бердим ва у қуйида айнан келтирилади.

1.1. Мухбир билан мулоқат

Мухбир: -Ахмаджон ака «Озодлик» радиосидан чиқишингиздан кейин Сизнинг аризангиз юқоридаги раҳбарларга етиб бордими?
Хоразмий –Менинг «Озодлик радиосидан чиқишимни жуда кўп одамлар эшитишган. Шундан кўп ўтмай мени Хоразм вилояти ҳокимлигининг маъсул ходими Иброхим Собиров таклиф қилиб менга бир хафта ичида иш беражакларини айтди. Лекин кўп ўтмай 2001 й. 1-февралда «Қишлоқ ҳаёти» газетасида Хоразмлик ғаламис Комил Нуржон  имзоси билан менинг «Озодлик»да чиқишимни қаралаб, бўҳтондан иборат мақола эълон қилинди. Шу сабабли менга иш беришдан қўрқишди шекилли, иш беришмади.
Мухбир:   -Ҳожи бўлганингиздан кейин шариат ибодатларини ҳам қилсангиз керак. Намоз ўқишингиз иш фаолиятингизга ҳалақит беради деб иш беришмаётгандирлар?
Хоразмий –Мен номозни 1983 йилдан бошлаб  (авваллари очиқча эмас эди) ўқийман. Райком аппаратида, совхозда, вилоят ҳокимлигида ва бошқа бир қатор маъсул вазифаларда ишлаган пайтларимда ҳам намоз ўқирдим. У ерларда катта-катта муваффақиатларга эришганман. Ибодат қилиш менга ҳалақит эмас, ёрдам берган. 
Мухбир: -Сиз вилоятнинг аввалги раҳбарлари билан келишмабсиз, улар сизни ишсиз қуйишган. Лекин вилоятнинг янги (ҳозирги) раҳбарлари нимага сизга иш беришмаяпти. Ахир улар сизнинг кучли мутахассис, яхши ташкилотчи эканлигингизни билишадику?!
Хоразмий –Менимча бунинг асосий сабаби мен ёзган «Вакил» деб номланадиган илмий-сатирик китоб билан боғлиқ бўлса керак. Мен ёзган бу китобда  айниқса Хорзм вилоятида аввалги даврда қишлоқ хўжалигида авж олган вакилчилик, оператив группа, «План-қонун!» асосидаги кўзбўямачиликлар танқид қилинади. Афсуски бу камчиликларнинг айрим кўринишларини ҳозир ҳам учратиш мумкин. Китобнинг мақсади уни бартараф қилиш эди. 
Мухбир: -Сиз ёзган бу китобингизнинг сизга зарари тегиши мумкинлигини билармидингиз?
Хоразмий –Ҳа, бу китобнинг маҳаллий раҳбарларга ёқмаслигини ва шу сабабли зарари тегиши мумкинлигини билардим. Бу тўғрида ўша «Вакил» номли китобимда: «Мен фош қилаётган бу камчиликлар учун жабр тортишим ҳам мумкин. Лекин Ҳақ, ҳалқ ва давлат манфаатлари йўлида жабр чекишнинг ўзи шараф эмасми?!» деб бежиз ёзмаганман. Лекин мен давлат ва юқоридаги раҳбарлар мени маҳаллий раҳбарлар тазийқидан ҳимоя қилишар деб умид қилгандим, афсуски янглишган эканман.
Мухбир:  -Сизга зарари тегадиган бундай китобни ёзиб нима қилардингиз?
Хоразмий  -Менинг бу китобимда кўрсатилган камчиликлардан келадиган оғирлик асосан оддий меҳнаткашларнинг, дехқонларнинг гарданига тушаяпти. Мен шу меҳнаткаш ҳақнинг манфатини ўз манфатимдан юқори қўйганим учун ёздим.
Мухбир:   -Сиз бу «Вакил» номли китобни ёзишга, уни нашр қилдиришга шунча меҳнатингиз кетибди. Бунинг устига бу китоб учун шунча жабр тортаётган экансиз. Шунга яраша бу китоб ўз самарасини бераяптими?
Хоразмий  -Ҳа, бу китоб ўз самарасини бераяпти. Бунга мисол қилиб «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги» журналининг 2000 йил, 5-сонида эълон қилинган  «Жасорат-ла битилган рисола…ёхуд иллат илдизига урилган болта» номли мақолани айтиш мумкин. Бу мақолада бу китобнинг чиқиши унда тилга олинган иллатларнинг камайишига сабаб бўлмоқда дейилади. Ҳар қалай бу китоб учун мен жабр чекаётган бўлсамда ундан ҳалқ фойда кўраётгани учун хурсандман. 
Мухбир: -Сиз айни ишлайдиган, фанга, ҳалқингизга фойдангиз тегадиган вақтингиз. Беш йилдан буён ишсиз ўтирган экансиз нафақат иқтисодий ва маънавий, шунингдек ижодий томонидан ҳам тўхтаб қолгандирсиз?
Хоразмий  -Тўғри, айни ишлайдиган, ижод қиладиган вақтим. Беш йилдан буён иқтисодий ва маънавий томонидан қийналаётган бўлсамда, ижодий томонидан аксинча кўп ишлар қилаяпман. Шу ишсиз ўтирган беш йилда қатор тадқиқотлар олиб бордим. Уларнинг айримлари кашфиёт (ихтиро) сифатида тан олинди, мана уларнинг гувоҳномаси!. 
Бундан ташқари 10 дан ортиқ илмий мақолалар эълон қилдим. Шу беш йил ичида турли хил йўналишларда олтита китоб ёздим: 1998 йилда талабалар учун «Агрохимия ва тупроқшунослик курси» номли ўқув қўлланмам нашр қилинди. 1999 йилда эл оғзига тушга «Вакил» номли илмий-сатирик китобим босмадан чиқди. 2000 йилда «Ўсимликларни ўғитлашнинг экологик ва иқтисодий асослари» номли илмий рисолам чоп қилинди. 2001 йилда «Илмга бағшида умр» номли илмий-адабий (мемуар) китобим босмадан чиқди. 2002 йилда эса манашу «Қисмат» номли тарихий-сатирик китобимни ҳамда «Қуръони каримдан мухтасар сабоқлар» китобимни  ёздим. Мана эътибор қилган бўлсангиз ишсиз ўтирган пайтимда ишлаб юрган пайтимдагидан Ватанимга, ҳалқимга бир неча баравар кўп самара (фойда) берибман. Балки шунинг учун ҳам мени ишсиз қўйишгандир. 
Мухбир: -Ахмаджон ака, иқтисодий ва маънавий қийналаётган бир вақтингизда сатира, ҳазил қила олишингизга ҳайронман. Шунча пайтдан буён расман ишламасангиз катта оиланинг турмуши нима бўлаяпти, ҳозиргидай оғир шароитда қандай яшаяпсизлар?
Хоразмий  -Мен раҳбарлик қилаётган бир илмий лойиҳа Фан ва техника Давлат қўмитаси танловида ғолиб деб топлди, икки йилча шартнома асосида шундан озроқ маош олиб турдик. Асосан уйда мол боқамиз, деҳқончилик, заруратга қараб мардикорлик ҳам қиламиз. У-бу нарсаларимизни, айрим мулкларимизни ҳам сотдик. Иш қилиб нормал яшамаётган бўлсакда ҳозирча оч қолганимиз йўқ.
Мухбир: -Иқтисодий жиҳатдан бир амаллаб яшаётганингиз тушинарли. Лекин шундай бир йирик олим ҳалқ учун, давлат учун катта ишлар қилаётган бўлса-ю йиллаб ишсиз ўтирса, бунинг маънавий оғирлигига қандай чидай олаётганингизга ҳайронман!?
Хоразмий  -Бундай маънавий қийинчиликларга тариқат ибодатларини қилиш билан бардош бераяпман.
Мухбир: -Шариатдан ташқари тариқат бўйича ҳам ибодат қилар экансиз. У қанақа тариқат ва ибодат, тушинтириб бера олмайсизми?.
Хоразмий  -Мен «Нақшбандия» тариқатининг муриди сифатида унинг ибодатларини бажараман. Тариқат – бу руҳий камолатга, шу орқали Аллоҳга етиш йўлидир. У тўрт босқичда амалга ошади: Аввало шариат, кейин тариқат, кейин маърифат ва ниҳоят ҳақиқат. Тариқатга кирганларни сўфийлар дейдилар. Сўфийлик (ёки тасаввуф) ваҳдат ва тавҳид илми, яъни Аллоҳни севиш ва унга етишиш илми дейилади.
Мухбир: -Шариат билан тариқат орасида қандай фарқ бор?
Хоразмий  -Шариат мусулмончиликни камолга етказади, мақсади эса икки дунё саодати. Тариқатда эса руҳ тарбияланиб инсон комилликка эришади, мақсади Аллоҳга етиш, унинг дийдори.
Мухбир: -Қандай тариқатлар бор, Сиз нимага «Нақшбандия» тариқатини танладингиз?
Хоразмий -Тариқатлар кўп, фақат Ўрта Осиёнинг ўзида «Яссавия». «Кубровия», «Нақшбандия» каби тариқатлар бор. Менинг Нақшбандия тариқатини танлашимга асосий сабаб бу тариқатнинг «Дил ба ёру, даст ба кор!» яъни юрагинг (дилинг) Аллоҳда бўлсину, қўлинг ишда бўлсин деган шиори ҳисобланади.
Мухбир: -Ахмаджон ака, ҳар куни 5 марта шариат ибодати ва яна 5 марта тариқат ибодати билан машғул бўлсангиз меҳнат ва ижод қилишга вақтингиз кам қолмайдими?
Хоразмий -Шариат ва тариқат ибодатлари бир кунига 2 – 2,5 соатдан ошмайди. Лекин доимо таҳоратли, тоза юрасиз. Имонингиз мустаҳкам, иродангиз кучли бўлади. Ҳар қандай ёмон нарсадан узоқда юрасиз. Булар эса инсоннинг меҳнат қобилиятини оширади, ижод ва илҳомингиз кучаяди. Беш йилда шунча иш қилиш, турли хил жанрда олтита китоб ёзиш, булар осон нарса эмас. Бу ишларни қилишда менга тариқатим ибодатлари ёрдам бераяпти десам муболаға бўлмайди.
Мухбир: -Хоразм вилояти ҳокими ҳаж зиёратига борганингиз боис ишингиздан ноҳақ бўшатгани учун ёрдам сўраб мамлакат президентига бирнеча бор мурожат қилгансиз. Янглишмасам уларнинг барчаси яна айнан шу ҳокимнинг ўзига юборилган. Агар аризангиз президентга етиб борганида сизга ёрдами тегишига ишонасизми?
Хоразмий  -Ҳа, менинг аризам президентга етиб борганида менга ёрдами тегишига афсуски ишонганман. Бўлмаса бирнеча марта ёрдам сўраб мурожат қилармидим. Лекин аризани унга етказишнинг имконияти йўқ экан.
Мухбир: - Сиз кучли мутахасис, йирик олимсиз. Агар бошқа давлатларга катта миқдорда ҳақ тўлайдиган ишга таклиф қилишса борармидингиз? 
Хоразмий -Йўқ, бормасдим. Биринчидан мен Ўзбекистон фуқораси, Хоразм фарзандиман. Билим ва тажрибамни ҳалқимнинг фаравонлиги ва ватанимнинг равнақи учун сарфламоқчиман. Иккинчидан Нақшбандия тариқати ишонч ва сабрни ўргатади. Ҳақиқат тантана қилишига ишониб, қаноат ва сабр қилиб яшайман.

1.2. Турли саволларга турли жавоблар

Мухбир билан бўлиб ўтган бу мулоқатдан кўп нарсалар ойдинлашган бўлсада менинг кўп йиллар ишсиз юришимга кўпчилик одамлар Хоразмийнинг ўзи сабаб деб ҳисоблашади ва қаерга бормай қуйидагича саволлар билан мени кўмиб ташлашади. Менинг жавобларимдан кўплари у ёки бу даражада қониқишса, айримлари қониқишмайди. Шу муносабат билан мен одамлар томонидан менга бериладиган асосий саволлар ва уларга менинг берадиган жавобларимни баён қилишни лозим деб топдим: 
Савол –Ҳамма билади, ишсиз қолишингизнинг асосий сабабларидан бири ҳаж зиёратига борганингиз бўлди. Ҳажга бориш, намоз ўқиш каби ибодатларни пенсияга чиққандан кейин ҳам қилаверсангиз бўлмасмиди?
Жавоб –Ҳа ишсиз қолишимга асосий сабабларидан бири ҳаж зиёратига кетганим бўлди. Аввало мен ҳажга меҳнат отпускамга чиқиб, барча маҳкамаларнинг рухсати билан, ҳалол пулимга кетдим. Мен ҳажга тамошага эмас, эътиқод билан ибодат қилгани бордим. Каъбага бошимизи уриб Аллоҳдан гуноҳларимиздан фориғ қилишни, эл-юртга тинчлик, ватанимизга буюк келажак, раҳбарларимизга инсофу-адолат сўраб дуо қилдик. Мўътабар китобларда қайд қилинишича ҳожиларнинг дуоси ижобат бўлар экан. Шундай экан, эл-юртда ҳожилар кўпайса яхши эмасми.
Намозни мен кўп йиллардан буён ўқийман. Ҳаж, намоз, рўза булар ислом шариатининг талаблари ҳисобланади ва уларни 12 ёшдан (эркаклар учун) адо қилиш буюрилган. Ибодатингиз атрофингиздагиларга, ишингизга ҳалақит бермас экан, нимага пенсияга чиққунча (ҳеч кимга пенцияга чиққунча яшаш кафолати берилмаган) кутиш керак. Доима тоза, имонли бўлиб юриш яхшику.
Савол  -Бизда дин ўз йўлига, давлат ўз йўлига. Давлат хизматчиси бўлатуриб мақбара-ю, масжидлар қуриш нимангизга керак эди?
Жавоб  -Бузругларга  мақбара қуриш, улуғларга ҳурмат кабилар ўзлигини англаш ҳисобланади, булар эса маънавият дегани. На давлатга, на одамларга зарарим тегмай, биронта моддий манфаат кўзламасдан масжидлар қура олган бўлсам бу яхши эмасми.
Савол  -Хоразмда пленка остига чигитни президентимиз 10 минг гектарга экишни топширган бўлсалар айрим ёшуллилар 20 минг, айримлари эса 30 минг гектарга экамиз деб 5 минг гектар ҳам экмаганлар ва улар ҳозир ҳам катта-катта ишларда ишлашаяпти. Сиз ҳам ўша пайтда  плёнка остига чигит экишга қарши чиқмасдан 50 минг гектарга экиш керак деганингизда бирон жойингиз камайиб қолармиди?
Жавоб  -Мен Хоразмда пленка остига чигит экишга қарши чиқмаганман. Фақат мен Хоразм шароитида чигитни пленка остига экишнинг илмий асоларини ишлаб чиқмай туриб бу технологияни кўп минг гектарларга қўллаш айрим оқибатларни, ташкилий ва иқтисодий қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкин деганман. Шу фикрим айрим ёшуллиларга ёқмай қолган. Лекин худдий мен айтгандай бўлди ҳам, буни ҳамма билади.
Савол  -Ғўза навлари ва агротехникасида ҳал қилувчи ролни (мутахасис бўлмаган) раҳбарлар эмас, мутахассислар ўйнамоғи керак деган сўзларни телевиденияда айтиш шартмиди?
Жавоб -Ҳамма ерда, хусусан қишлоқ хўжалигида ҳам ҳар бир шахснинг ўрни ва вазифаси бўлмоғи керак. Раҳбардан кадрларни танлаш, ишни ташкил қилиш, тегишли қарорлар қабул қилиш каби ишлар талаб қилинади. Шунинг учун ҳам бирон ташкилот ёки хўжаликка раҳбар қўйишда аввала унинг мутахассислиги эмас, ташкилотчилик қобилияти асос қилиб олинади.
Мутахассис эса ўз соҳаси (агроном дехқончиликка, зоотехник чорвага ва ҳакозо)га маъсул бўлиб пахта навларини жойлаштириш ва улар агротехникасига жавобгар шахс ҳисобланади. Кўпчилик ҳолларда пахта бўйича мутахассис бўлмаган (қурувчи, иқтисодчи, ўқитувчи) айрим раҳбарлар (раис, ҳоким)нинг малакасиз кўрсатмаси билан пахта агротехникасида жиддий камчилик ва хатоликларга йўл қўйилади. Бу хатоликлардан келадиган (асосан иқтисодий ва экологик) жабр ҳалқнинг гарданига тушади ва ундай кўрсатма берган раҳбарлар қолиб соҳа мутахассислари (агроном)га жазо берилади. Бундай  нохуш хатоларнинг бўлмаслиги (ҳеч бўлмаганда уларни камайтириш) мақсадида  булар тўғрисида китобларимда ёзганим, телевиденияда гапирганим бор гап.
Савол –УзПИТИ Хоразм филиалида қаердаги «ёзувчи»-ғаламисларга жой ўрни бериб анча-мунча ташвишга қолишингиз шартмиди?                               
Жавоб -Мен ЎзПИТИ Хоразм филиалида директор бўлиб ишлаганимда филиал ишчи хизматчиларидан 150 тасига, шулар ичида 4-5 та «ёзувчи»-ғаламисларга ҳам (тош билан урганни ош билан ур деган нақл асосида) жой ўрни бердик ва балога ҳам қолдик. Лекин, биринчидан кўп одамлар бошпаналик бўлиб қолди. Иккинчидан кўримсиз, ташландиқ бўлиб ётган жойлар обод бўлиб Урганч шаҳри шарққа томон сал кам ярим километрга кенгайди.
Савол –«Вакил»ни ёзганингиз етмаганидей «Илмга бағшида умр» номли китоб ёзиб кўпчилик ёшуллиларга тил теккизганингиз нимаси. С.Жуманиёзовага ўхшаб «Ҳур момолар», «Дарғалар» каби китоблар ёзсангиз бўлмайдими?
Жавоб  -Менинг «Илмга бахшида умр» номли китобим автобиографик (мемуар) асар бўлиб ундаги барча нарса ва воқеалар ҳеч ўзгаришсиз ёзилган, бировларни (ёшуллиларни) танқидлаш мақсад қилинмаган.
Савол -Кейинги китобларингизда, ихтироларингизда тупроққа минерал (химиявий) ўғитларни солишни чеклаш керак деб кўтарибсиз. Бу гап кўпчилик одамларга, айниқса ёшуллиларга ёқмаслигини билмайсизми? 
Жавоб  -Мен турли хил ўғитлар ва уларни тупроққа солиш борасида чорак асрдан кўпроқ жаҳоннинг кўп жойларида тинимсиз тадқиқотлар олиб борганман. Тадқиқотлар натижалари тупроқлар экологиясининг унга солинадиган кимёвий (минерал) ўғитлар таъсирида ёмонлашувини кўрсатмоқда. Она заминимиз бўлган тупроққа бўлган муносабатимиз кескин ўзгармаса маълум вақтлардан кейин уни (Орлга ўхшаб) бой беришимиз мумкин. Биз олимлар бундан билатуриб кўз юмсак (айтмасак, ёзмасак) бизни нафақат Худо, келажак авлод ҳам кечирмайди. Энди айрим ёшуллиларга келсак, улар кўпроқ келажакни эмас, режаларни ошириб бажаришни ва шунга боғлиқ равишда эгаллаб турган мансабида кўпроқ вақт туришни ўйлашади. Шунинг учун ҳам у тойифа ёшуллилар бизга ўхшаган олимларни ёқтиришмайди.
Савол  -«Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги» журналининг 2001 йил 5-сонидаги «Шароит, меҳнат ва натижа» номли мақолангиз учун айниқса Тошкентдаги ёшуллилар бошингизни силайди деб ўйлайсизми?
Жавоб  -Мен кейинги сал кам 20 йил ичида нафақат Хоразмда яшадим ва ишладим, шунингдек тинимсиз кузатиш ва тадқиқот ҳам олиб бордим. Бу изланишларим асосида Хоразм воҳасининг оғир тупроқ-иқлим ва экологик шароити ва бу муҳитнинг Хоразм ҳалқи саломатлигига етказаётган жиддий зарари ҳақида илмий асосланган материаллар йиғганман. Буларни илмий таҳлил қилиб мамлакатимизнинг энг нуфузли илмий-ишлаб чиқариш нашри бўлмиш «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги» журналининг 2001 йил 5-сонида «Шароит, меҳнат ва натижа» номли катта мақола эълон қилганман.
Бу мақолани айримлари ўқиб, кўплари эса бир-биридан эшитиб маълум шов-шувга сабаб бўлгани тўғри. Шу боис мақоланинг хулоса ва тавсия қисмларини айнан келтиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисобладик. «…Хоразмликлар юқорида баён қилганимиздай тупроқ-иқлим ва экологик шароити мураккаб ва оғир бўлган ҳудудда яшаб, меҳнат қилмоқдалар, мамлакатимиз иқтисоди учун зарур бўлган пахта, дон ва бошқа махсулотларни етиштирмоқдалар. 
Хоразм вилояти қишлоқ меҳнаткашлари томонидан бошқа кўпчилик минтақаларга нисбатан ортиқча моддий харажатлар ва тинимсиз меҳнат эвазига етиштирилаётган пахта, дон каби маҳсулотларнинг давлат томонидан сотиб олиниш баҳоси тегишли даражада оширилса, шунингдек оғир тупроқ-иқлим ва экологик шароитда яшаб меҳнат қилаётган Хоразм ҳалқи маошлари ҳам бошқа минтақаларга нисбатан тегишли даражада кўтарилса (индексация қилинса) мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ушбу муаммо тезроқ ижобий ҳал қилинса Хоразм ҳақининг, президентимиз тан олганидек ҳар куни қахрамонликлардан иборат бўлаётган дехқону-чорвадорларининг меҳнатлари муносиб қадирлагнган бўлар эди».          
Эътибор қилган бўлсангиз муаммонинг асосли, очиқ ва жуда кескин қўйлгани демасангиз менинг бошимни «силайдиган» жойи йўқ чамамда. Очиғини айтганда Хоразм (Ватан) учун, унинг ҳалқи учун битта Хоразмийнинг боши силанмаса нима бўпти.
Савол  -Йиллаб ишсиз ўтиргандан кўра ёшуллиларнинг олдига бориб кечирим сўраб ялининг, танишларини ишга солинг, бошқаларга ўхшаб «шапкасини» беринг ва ҳакозалар.
Жавоб -Ҳалқимизда «ўз хатосини англаб узр сўраш мардликдир» деган мақол бор. Лекин мен қайси қилган хатоларим учун кечирим сўраб ялинай?! Тўғрисини айтсам шунча йиллардан буён ўндан ортиқ катта-кичик мансабларда ишлаган бўлсам бирон марта ҳам «шапка» бермаганман. Балки «шапка» беришни билмаганим учун ҳам каттароқ «ёғли» ишларда кўп ишлаш насиб этмагандир, бунга эса афсусда эмасман. 
Менинг юқоридаги жавобларимга эътибор қилган китобхон ҳам кўчиликка ўхшаб ҳар қалай менинг ҳақ эканлигимга ишонган бўлса ажаб эмас.

1.3. Китоб учун таъқиб

Аввал қайд қилганимдек, менинг 2001 йилда «Хоразм» нашриётида чоп қилинган 26 босма табоқдан иборат ҳажмга эга бўлган «Илмга бағшида умр» номли автобиографик (мемуар) асарим чиққанидан кўп ўтмай Комил Нуржон бошлиқ бир гурух ғаламислар ташаббуси билан қаттиқ таъқибга дучор бўлди. Улар тўқиган уйдирма бўйича гўёки бу китобда барча олиму-ёзувчи, ҳокиму-вазир, ҳатто мамлакат президенти ҳам танқид қилинган эмиш. Буни ўқиган китобхоннинг таассуроти ва фикри хафли томога ўзгариши мумкинлиги учун бу китобларни зудлик билан йиғиб олиш, муаллифни ва китобнинг нашр қилиниши билан алақодор барча одамларни жавобгарликка тортиш лозим эмиш.

Сурат-1. Илмга бахшида умр-2001

        Натижада вилоят ҳокимлигида комиссия тузилиб китобдаги ҳар бир боб , бўлим, ундаги факт, фикр ва мулоҳазалар чуқур текшира бошланган. Китоб нашри билан алоқодор бўлган ташкилоту-одамлар қаттиқ сиқувга олинган. 2001 йил феврал ойининг охирларида «Хоразм» нашриёти директори Ҳакимбой Нурметов уйга келиб: «Ахмаджон ака, бу китобнинг муаллифи сифатида аввало сиз, унинг нашр қилинишига алоқадор бўлган биз ҳам қамаладиган бўлаяпмиз. Агар сиз мардлик қилиб: «Нашриёт титули(рухсати)ни сохталаштириб (ёки ўғирлаб) олган эдим» деб тушунча ёзиб берсангиз сизга 1-2 йил қўшиб берилиб биз қамалмай қолар эканмиз”,  деган зоҳатиёқ мен ҳеч иккиланмасдан шундай тушинчани ёзиб бердим.
Бундан биринчи хабар топган ўғлим Ойбек, турмуш ўртоғим Гулистонлар тинмай йиғлашар, мен эса уларни тўхтата (юпата) олмай юрагим қон бўлиб кетарди. Ва ниҳоят, аввало тепамизда буюк қудрат соҳиби бўлмиш Аллоҳнинг борлигини унутмаслик, ҳар бир нарса Унинг ҳоҳиш-иродаси билан бўлиши, агар менга хизматга-тухмат учун (ноҳақ) жабр кўриш қисмат қилинган бўлса унга рози бўлиб, яхши кунлар келишига умид қилиб яшаш лозимлигини тушинтиришга муваффақ бўлдим. Мен келгаунча кимнинг нима билан шуғулланиши, нималарга кўпроқ эътибор бериш кераклигини ва асосан тушкинликка берилмасдан Аллоҳга дуо қилиб яхши кунларга умид ва сабр билан яшаш кераклигини таъкидладим ва ўзим ҳам сочларимни олдириб тайёр турдим…
Бу китобни ҳар томонлама ўрганиб чуқур таҳлил қилиб чиққан комиссия бир овоздан китобда келтирилган барча факт, фикр ва мулоҳазалар далил ва ҳужжатларга асосланганлиги, фақат улар бадийлаштирилмасдан жуда очиқ ва кескин ёзилганлигини қайд қилган.
Кўп ўтмай «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги» журналининг 2001 йил 2-сонида биология фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор О.Х.Хасанов ва тасаввфшунос олим профессор О.У.Усмоновнинг бу китобга расмий тақризи эълон қилинди.

Сурат-2. Китобга ёзилган тақриз

 Унда китоб А.Хоразмийнинг таржимаи ҳоли асосида юзага келган автобиографик (мемуар) асар бўлиб унинг кўп бўлимлари китобхон учун қўлланма бўлиб хизмат қилса, айримлари тарихга янги саҳифа бўлиб кирса ажаб эмас. Давр сиёсати, айрим раҳбарларнинг истаги ва фикрига қарши бориши, натижада жабр ҳам чекиши бир қараганда ибратли ҳол бўлиб туюлмасада, муаллифнинг бу ҳаракатлари Ҳақ ва ҳалқ манфаати йўлида қилингани учун жасоратли ибрат дейишга арзийди. Лекин афсуски, бу китоб жуда кам нусхада босилибди. Агар тегишли ташкилот (раҳбар)лар бу китобнинг кўп нусхада қайта нашр этилишини ташкил этсалар кенг меҳнаткашлар оммаси учун ҳам зарур ва фойдали иш қилинган бўлур эди, деб таъкидланади.
Шунингдек бу китоб ҳақида «Қалб кўзи» (2001 феврал), «Даракчи» (18.10.2001), «Ўзбекистон овози» (5.97.2001), «Даракчи» (3.01.2002) каби мамлакатимизнинг қатор газета ва журналларда ҳам таниқли журналистлар томонидан ҳаяжонли ва илиқ сўзлар ёзилабошланди. Яқиндагина ғаламислар таъқибига учраган бу асар энди кўпчиликнинг севиб ўқийдиган китобига айланди.

1.4. Ҳалқ мурожати

Мамлакатимиз президентига бирнеча марта ариза орқали, ҳатто ҳалқаро оммавий ахборот воситалари орқали ҳам мурожат қилишим наф бермади. Уларнинг биронтаси ҳам  президентга етиб бормай унинг маҳкамасидан жабрлавчи (кимнинг устидан шикоят қилинаётган бўлса унинг ўзи)га юборилар, улар бўлса «онангни қози урса додингни кимга айтасан» деб шикоятчиларнинг устидан кулишарди холос. Шундан кейин мен бу борада ёрдам сўраб ҳеч кимга мурожат қилмасликка, фақат Аллоҳдан умид қилишга жазм қилдим. 
Кўп йиллардан буён бу ҳодисалардан хабари бўлган қўшнилар, дўстлар, таниш-билишлар мен учун юқори маҳкамаларга бориш ёки ёзма равишда мурожат қилиш учун кўп бор ҳаракат қилишган. Мен ҳар гал уларни сизларнинг ҳаракатингиздан фойда эмас, зарар келиши мумкин деб уларни тўхтатардим. Ва ниҳоят улар менга ёрдам қилишни сўраб мамлакат президентига мурожат қилишган ва у қуйида айнан келтирилган.

Ўзбекистон республикаси президенти
ҳурматли И.А.Каримовга

Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич! Сизнинг телевидения ва матбуот орқали «Нафақат қахрамонона меҳнати ва шунингдек ўз ҳаётини ҳам Ватан, ҳалқ ва Ҳақ йўлида хафга қўяоладиган одамлар қахрамон дейилади. Шундай одамлар бизнинг орамизда ҳам бор, фақат уларни кўрсатиш керак» деган оташин сўзларингиз ҳамманинг эсида.
Ватан, ҳалқ ва Ҳақ йўлида қилган ишлари билан Сизнинг юқорида айтган талабингизга бизнинг ҳамюртимиз профессор Ахмад ҳожи Хоразмий жавоб беради деб ўйлаймиз. Унинг «Илмга бағшида умр» номли автобиографик китобида (бу китобни Сизга илова сифатида юбораяпмиз) баён қилинган ишлари бу фикримизга исбот бўлаолади.
У қишлоқ хўжалигида йўл қўйилаётган айрим камчилик ва нуқсонларга рўй-рост қарши чиқиб уларни фош қилувчи «Вакил» номли илмий-сатирик китоб ёзди. Бу китоби учун у ўзининг жабр тортишини биларди, лекин ҳалқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўябилди. Бу китоби жасорат деб тан олинди ва унга «Жасорат-ла битилган рисола,…ёхуд иллат илдизига урилган болта» номли тақриз («Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги» №5, 2000й.) ҳам ёзилди. (Унинг 2001 йилда чиққан «Илмга бағшида умр» номли китобини ҳам жасорат-ла ёзилган деса хато бўлмас). Бу китоб маҳаллий раҳбарларга ёқмади …ва А.Хоразмий «ўз аризасига биноан» ишдан олиб ташланди. Лекин у ишсиз ўтирган даврида ҳам қишлоқ хўжалиги ва экология муаммолари борасида тинимсиз тадқиқотлар олиб борди, ихтиролар яратди, қатор илмий мақолалару китоблар ёзди. Саҳоват бобида ҳам ҳалқ учун катта ишлар қилди.
Ахмад ҳожи Хоразмийни мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларию унинг китоблари орқалигина эмас, биз уни шахсан ҳам биламиз. Илм ва ҳалқ манфаатлари йўлидаги қахрамонона меҳнатлари ва  жасорати таҳсинга лойиқ бўлган бу йирик олим – ҳамюртимиз Ахмад ҳожи Хоразми мана 4 йилдирки ишсиз ўтирибди. Бу борадаги ҳақиқат қарор топишида ёрдам беришингизни Сиздан илтимос қиламиз.
Кўплаган Хоразмликлар номидан:

82 ёшли меҳнат фахрийси Олланазар ота Сапаев, «Янги қадам» махалласининг оқсоқоли Б.Қутлимуротов, Олий тойифали ўқитувчи Ўринбой Сапаев, Қурувчи-уста Қадамбой Отажонов,  ва бошқалар.

Уларнинг бу аризаси ҳам худдий меникига ўхшаб президент маҳкамасидан ўша маҳаллий рахбарларнинг ўзига юборилган. Улар эса аризагўйлар илтимосига эътибор ҳам қилишмаган. 
Шундан кейин уларнинг айримлари президентнинг газета, журнал, радио ва телевидениядан адолат, инсон ҳуқуқлари ва ҳалқ манфаатлари борасидаги ёниб куйиб чиқишлари қуруқ гап экан дейишса, айримлари президент махкамасидаги айрим кимсалар ҳалқнинг норозилигини кучайтириш учун махсус қилишаяпти дер эдилар.

1.5. Адолатни топиш учунги яна бир ҳаракат

           Кўпчилик дўстлар ва танишларнинг: "Барча имкониятларни ишга солиб аризангизни президентга етказишга яна бир ҳаракат қилиб кўринг”, деган тавсияларидан кейин БМТ, Туркманистон, Россия раҳбарларига ва Ч.Айтматовлар номига хат ёзиб менинг икки энлик аризамни президентга етказишга ёрдам беришларини сўрадим. Буларнинг айримлари менинг аризамни Ўзбекистон президенти номига юборишган. Буларни ҳам хат ва шикоятлар бўлими Хоразм ҳокимлигига юборган....
             2002 йил февраль ойидан Олий Мажлиснинг "Обуцман” кемитетига: Президент номига ёзилган аризамнинг президентга етмаётгани, бу борадаги ҳуқуқларимнинг поймол бўлаётганини ёзиб, бу борада ёрдам беришларини сўраб аввал ариза билан, кейин телеграмма орқали мурожат қилдим. Буларга жавоб бўлмагач 2002 март ойида Омбуцманга ўзим келдим ва афсуски ҳеч нарсага эришмадим.
           2002 йил апрель ойида Президент девони ва Вазирлар Маҳкамаси фуқораларни қабул қилиш, хат ва шикоятларни кўриб чиқиш бўлимлариннг бошлиқларига ариза билан мурожат қилдим. Аризамда мамлакат президентига бирнеча йиллардан буён ёзган қатор аризаларимни айнан шу бўлим томонидан мени жабрлаган мансабдорларнинг ўзига юбориб одамларнинг истехзоли кулгусига сабаб бўлаётганларини ёзиб, мени президент қабулига киритишларини сўрадим. Улар навбатда турганлар кўп эканлигини айтиб бир ойдан кейин келишимни айтишди.
           Май ойида Тошкентга келиб президент қабулхонасига учрашдим. Қабулхонадаги хатни олиб қолувчи рус кишиси бўлганлиги учун унинг талаби асосида 3 бетдан иборат рус тилида ёзилган аризамни қолдирдим.
           Кўп ўтмай менинг аризамга президент девонидан эмас, нимагадир Ўзбекистон қишлоқ хўжалик илмий-ишлаб чиқариш маркази (ЎзҚХИИЧМ)дан жавоб хати келди. Уларнинг хатига ёзган жавобим айнан келтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентига,
Нусхаси: Ўзбекистон қишлоқ хўжалик илмий-ишлаб чиқариш марказига,
Нуахаси: Хоразм вилояти ҳокимлигига,
Нусхаси: ЎзПИТИ Хоразм филиалига

           Мен 2002 йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти девони фуқораларни қабул қилиш, хат ва аризаларни кўриб чиқиш бўлимига ёзма равишда мурожат қилиб менинг мамлакат президентига ёзган аризаларимни айнан шу бўлим ўтказмаётганини, шу муносабат билан менинг ўзимни президент қабулига киришимга ёрдам беришларини сўраган эдим.

Сурат-3  . ЎзПИТИ Хоразм филиали имий-техник кенгашида 

          Бу бўлим эса менинг аризамнинг моҳияти бошқа ерда қолиб, Ўзбекистон қишлоқ хўжалик илмий-ишлаб чиқариш марказидан мен ҳақимда "тегишли” маълумотлар сўраган. Марказ эса ўз навбатида бундай маълумотларни ЎзПИТИ Хоразм филиалидан талаб қилишган.
Филиалдаги бир грух "ёзувчи”-ғаламислар мен ҳақимда қуйидагича қўлболо маълумотлар ижод қилишган:
1. А.Хоразмий филиалга раҳбарлик қилганда якка ҳокимлик жорий қилинган.
2. Филиал худудидаги тажриба майдонлари ер участкаларига ажратилган.
3. Филиалнинг иқтисодий ахволи ҳисобга олинмай унинг 70 йиллик юбилейи ўтказилган ва натижада филиал 1,75 млн сўм қарз бўлган.
4. А.Хоразмий ўз аризасига биноан ишдан озод қилинган.
5. А.Хоразмий ўз ҳақ-ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилсин ва шу кабилар.

Лекин аслини олганда (ёки жавоб ўрнида):
1. Мен филиалга раҳбарлик қилган давримда филиал илмий-техник кенгаши қарорига амал қилиб (Сурат- 2) анархияга йўл қўймадим, тартиб ва интизомни талаб қилдим. 
2. Филиал ҳудудидаги тажриба майдонларини эмас, кўп йиллардан буён ташландиқ ётган жойларни ер участкасига ажратиб беришларини сўраганман ва бу ерлар ер назорати инспекцияси хулосаси асосида туман ҳокимининг қарори билан берилган. Натижада ўнлаб уйсиз одамлар бошпаналик бўлиб қолишди.
Ўша даврдаги вилоят ҳокими И.Юсуповнинг ибораси билан айтганда деярли ботил ахволга келиб қолган филиални оёққа турғизиш мақсадида унинг 70 йиллик юбилейини ўтказиш бўйича Вилоят ҳокими 1996 йил 3-октябрь қарорини қабул қилди. Қарор бўйича филиал ва унинг ҳудудини капитал таъмирлаш бўйича қилинадиган барча (сал кам 30 млн сўмлик) харажатлар хомий ташкилотлар сифатида вилоят агросаноат уюшмаси, пахта, ёғ, дон саноати каби ташкилотларнинг зиммасига юклатилган эди. Мендан кейинги директорларнинг уқувсизлиги боис филиал вилоят йўл идорасига 1,75 млн сўм тўлаган. Юбилей муносабати билан филиал қисқа вақт ичида таниб бўлмас даражада ўзгарди (Сурат-4,) аввалги шухрати қайта тикланди. Булар ҳақида "Хоразм ҳақиқати” газетасининг 1996 йил 26-ноябрь сонида, Вилоят ҳокимининг 1-муовини Ж.Ўтамовнинг ва ЎзПИТИ бош директори С.Рахмонқуловнинг юбилейдаги маърузасида, Хоразм телевидениясининг 1996 йил 29-декабрдаги филиал юбилейига аталган махсус кўрсатувида, "Фан” нашриёти нашр қилинган "Хоразм деҳқончилигининг илий асослари” китобида, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” журналининг 1997 йил № 1 сонида, 2001 йил "Хоразм” нашриётида чоп қилинган "Илмга бахшида умр” китобида ва бошқа манбаларда атрофлича баён қилинган. Таъбир жоиз бўлса филиал жамоасининг: "76 йил давомида бу ташкилотга 16 киши директорлик қилган бўлса, шулардан фақат И.Маткаримов, Р.Эшчонов, А.Хоразмийлар бу ерда ўзларига абадий ҳайкал қолдирдилар”, деган қалб сўзларини келтириш ҳам ўринли бўлса керак. 

Сурат - 4. Ўзбекистон  пахтачилик институти  (ЎзПИТИ) Хоразм филиали юбилей муносабати билан капитал таъмирдан кейин. 1996, декабрь

Модамики,юқоридагилардан воҳамиз ва мамлакатаимиз  аҳолиси билан бир қаторда ушбу хат ижодкорлари ҳам яхши хабардор эдилар. Бу ғаламисларнинг қандай пасткашликларга қодир эканликларини ҳамма билади. Шу боис ҳам мен улардан хафа эмасман. Бироқ Марказ бош директорининг биринчи ўринбосари М.Тошболтаевнинг қўли бундай (№02-06.292 от 16.05.2002) бўхтонномага имзо чекишга қандай борди экан?! "Ўхшатмагунча учратмас”, деганларидай у киши ҳам Хоразм филиалидаги аламзада ғаламисларданмикан экан шекилли. Агар шкндай бўлса Тошболтаевдан ҳам хафа эмасман. 
3. Ҳа, ҳаж зиёратига борганимиз учун И.Жўрабековнинг кўрсатмаси бўйича вилоят ҳокими И.Юсуповнинг талаби асосида "Ўз аризамизга биноан” мен-ЎзПИТИ Хоразм филиали директори ва вилоят ҳокими муовини Д.Рўзметова ишдан озод қилинганмиз, буни барча билади. 
4. ,5.  Лекин ўз ҳуқуқимизни деб бизни "Ўз аризамизга биноан” ишдан бўшатган вилоят ҳокими, бундай ноҳақликларга беписанд қараётган мамлакат президенти ва унинг маҳкамасини судга беришни мен ўзимга эп кўрмайман, бундай пасткашлик сизларга хос!
Шу 5 йил давомида ҳақиқатни қидиравериб уни қаердан топиш кераклигини тушиниб етдим. Энди бу борада ҳеч бирингизни безовта қилмайман иншаАллоҳ.

Кўп афсусу надоматлар билан проф. А.Х.Хоразмий.
Июнь, 2002 йил, Хоразм  (Имзо).

        Кулгили томони шундаки, ҳатто менинг шу жавоб хатимни ҳам президент девонининг маъсул (ва бефаросат)  ходимлари "Кўриб чиқиб жавоб ёзиш учун”, деб  Хоразм ҳокимлигига юборишибди. Хоразм ҳокимлиги ходимлари президент девонинг бу бефаросатлигидан кўп йиллар кулиб юришди. Шундан кейин адолатни тиклаш борасида бу бефораст бюрократларга мурожат қилишнинг фойдаси йўқлигини, фақат Яратгандан умид қилиш кераклигини тушиниб етдим...



Категория: Адабиёт | Добавил: Horazmiy (2013-06-19)
Просмотров: 1301 | Комментарии: 1 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 1
0  
1 salim Sobir   (2013-09-21 0:15 AM) [Материал]
Манашу боби Каримов (Президент) махкамасининг нақадар лўттивозлигини очиқ кўрсатибди.

dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0