“Сталинчи”лигим ҳақида
Аввалидан айтай, мен тарихга қизиққаним билан тарих соҳаси мутахасиси эмасман. Тарих, адабиёт (умуман ижтимоий фанлар) ҳеч бир даврда ҳам математика, биология (умуман табий фанлар) каби аниқ, мафкура ва сиёсатдан ҳоли бўлмаган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолса керак.
Шундай бўлсада, академик Б.Ахмедов, профессор Г.Ҳидоятов каби тарихчилар тарихни сиёсат(мафкура)дан ҳолироқ, илмийликка яқинроқ ёзишга ҳаракат қиилишган.
Мен қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлган тафсилотлар менинг нуқтаи назарим (фикрим) эмас, улар аксиома каби фактларлир. Бу факт ва тафсилотларни қандай талқин қилиш ҳақида Расулилоҳнинг: “Ҳар бир ҳаракат, ниятга яраша бўлғусидир”, дегани асосида муҳтарам ўқувчиларнинг ўзларига ҳавола.
Менинг раҳматли отам Жунаидхонга яқинроқ одамлардан бўлган. Хон Жунаид Советлар томонидан Хоразм (Хива) тахтидан четлатилганидан кейин, отам бирнеча йиллар Боғот атрофи босмачиларининг сардори (қўрбоши) сифатида Сталинчиларга қарши курашган. Бу йўлда кўплари шаҳид бўлган, қолган 1-2 таси у ер, бу ерда яшириниб юришган.
Коллективлаштириш (колхозлаштириш) бошланганда Боғотда биринчи ташкил бўлаётган, асосан туркманлар истиқомат қиладиган “Майда миллат” колхози раислигига сайловлар бошланган. Маҳаллий ҳалқ Ҳукумат таклиф қилган номзодларни қабул қилмай “Хасан босмачи” сифатида танилган отамни раис қилишни талаб қилишган. Сталинчи ҳукумат ҳалқнинг талаби асосида ўзларининг душмани бўлган отамнинг раис бўлишига розилик берган.
Шу тариқа отам узоқ йиллар “Майда миллат” колхозига раислик қилган. 1940 йилда, Хоразмнинг кўплаган эътиборли одамлари қатори отам ҳам “Троцкийчи” сифатида 5 йилга қамалиб кетган.
1953 йил (мен 5 ёшда эдим) Сталин вафот қилганида қишлоқдаги ёшу-қари қатори отам ҳам хуни-гирён йиғлаган. Мен отамнинг йиғлаганини ҳеч қачон кўрмагандим. Уни юпатмоқчи бўлиб ёнига бордим шекилли “Зумраша, нимага йиғламаяпсан, доҳий Сталин ўлди-ку!”, деб қулоқ чаккамга шапалоқ тортиб юборган. Шапалоқнинг оғриғидан додлаб йиғлай бошладим.
Шундан кейин мени одамлар: “Сталин ўлганида дод солиб йиғлаган”, дейишиб менга “Сталинчи” деб лақаб қўйишган. Сталин ўлганида йиғлаган энг ёш Сталинчи сифатида мен бутун Хоразмга танилган эканман.
Шу боис бўлса керак, менга ҳамманинг меҳри ўзгача эди. Мактабда ҳам Сталинчи сифатида ҳурматда эдим. Балки шу ҳам сабаб, ўқитувчилар менга доим юқори баҳо қўйишарди.
Отам оламдан ўтганича (1988) Сталинга эътиқоди баланд бўлди. Сталинни ёмонлагани учун “Нонкўр Хрушкал”, деб Хрушчевни ёмон кўрарди.
1962 йилдан Сталинни бадном қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бугунга келиб, Сталин инсоният душмани деб билинган Гитларга тенглаштирилди. Шундай бир шароитда, одамларнинг (ҳатто ёшларнинг ҳам) Сталинга бўлган эътиқодининг ошиб боришида бир ҳикмат борми, деб ўйлайди одам.
Мен ўқиган “Ҳамза” мактабида уруш ногирони бўлган Рахим Эгамов номли одам ўқитувчи бўлиб ишларди. Уни одамлар: “Сталинпараст контужен”, дейишарди. Сталинни ёмонлаган одамлар билан неча марталаб ёқалашганининг гувохи бўлганмиз.
Бир йили 9-май, ғалаба куни муносабати билан ўтказилаётган катта байрам тадбирига Райкомнинг идеология ва пропоганда бўлими мудири ўртоқ Қораев келиб маъруза қилди. У ўз маърузасида: “Сталин қиримтатарларини Қиримдан ноҳақ бадарға қилган”, деб гапини тугатмасиданоқ Эгамов унинг ёқасидан тортиб минбардан тушириб юборди.
Минбарга ўзи чиқиб: “Сизлар бу сотқиннинг гапига ишонманглар. Бу ҳам Хрушкалнинг ялоқларидан. Мана, эшитинг қиримтатар олимлари ва қахрамонларининг бу ҳақда нима деб ёзганларини”, деди-да 1945 йилда нашр қилинган “Красная звезда” ва 1961 йилда нашр қилинган “Правда” газетасидаги “Қримтатарлар депортацияси ҳақида” номли мақолани ўқиб берган.
Мақолада: “Доҳимиз Сталин қримтатарлар масаласида мисли кўрилмаган бағрикенглик ва кечиримлилик қилди. Бизнинг миллатдошларимизнинг катта кўпчилиги Гитлерчи-фашистларни нон-туз ва катта шодиёна билан кутиб олишди. Гитлерчиларнинг сафида туриб, қизил армияга, ўз қримтатарларига қарши аёвсиз жанг қилишди.
Бундай миллат хоин дейилади ва уруш даври қонуни бўйича улар ёппасига отиб ташланиши керак эди. СССР Олий Бош Қўмандонлиги аъзоларидан катта кўпчилиги сотқинлик қилган қримтатарларга нисбатан олий жазони талаб қилишган бир пайтда, доҳимиз Сталин буюк олийжаноблик намунасини кўрсатиб уларнинг гуноҳидан кечди ва уларни ўрта осиёга депортация қилди. Улар ўрта осиёда ватан тутиб барча Совет ҳалқлари каби бахтиёр ҳаёт кечираяптилар”, деб ёзилган эди.
Бундан 2 йил олдин Манчестер музейида тасоддифан немис олими билан танишиб қолдим. Суҳбат Адолф Гитларга бориб тақалганида у шундай деди.
-Мен немис эканлигимни айниқса яҳудийлар бор жойда яшириб юраман. Гитлер бутун бошли немис миллатига иснод келтирди. Лекин шу билан бирга, тарихчи олим сифатида, унинг буюк тарихий шахс эканлигини ҳам эътироф этаман. Чунки Гитлер қашшоқ ва қалоқ Германияни буюк бир империяга айлантирди. “Немислар олий ирқ” деган назарияси билан миллатпарвар сифатида ҳурматга лойиқ, деди Бавариялик немис олими.
Юқоридаги тафсилотлар менинг фикрим эмас, борлиқ факт. Аввалида таъкидлаганим, бу фактларни ким қандай талқин қилиши эса ҳар кимнинг ўзига ҳавола.
Имконият бўлганидан фойдаланиб бу борада ўз фикрларимнида айтсам. Бошда таъкидлаганимдай кўплар қатори мен ҳам тарихга қизиқаман. Бу борада айрим тадқиқотларни қилганим ҳам бор гап.
Ўз кузатишларимдан шундай фикрга келдимки, кўпчилик одамларнинг дунёқараши ва фикри ҳамма замонларда ҳам жамиятдаги ҳукмрон мафкура ва сиёсатга боғлиқ бўлар экан. Мафкура ҳам таъсирида мутлоқ кўпчилик Сталинни доҳий, деб ишонди. Кўплаган одамлар бундай ишончда ҳозир ҳам собит. Ота-бобаларимиз “Сталин учун!” деб ҳужумга ўтиб, ажалнинг кўзига тик қараган. Булар факт албатта.
Сталиннинг сафдоши ва шогирдларидан бўлган, шоир Омон Матчон ибораси билан айтганда довдир Никита устозини бадном қилиб ўрнига ўзи доҳий бўлмоқчи бўлди ва ўзи бадном бўлиб кетди. Худдий шундай ҳаракатни И.Усмонхўжаев ҳам қилди, устози Ш.Рашидовни бадном қилиб, ўзи ҳам бадном бўлиб кетди.
Сиёсат ва сиёсатчилар қизиқ бўлар экан. Кечагина оташин коммунист И.Каримов бошлиқ мутлоқ кўпчилик (булар ичида қурултойнинг айрим иштирокчилари ҳам бор) “Яшасин компартия!”, деганди. Бугун эса И.Каримов бошлиқ айнан шу одамлар “Йўқолсин компартия!” дейишаяпти. Шу ўринда бир сиёсатчи(В.Ленин)нинг сиёсат ва сиёсатчиларни фоҳишаларга ўхшатгани бежиз эмас эканда, деб ўйлайди одам.
Сталин тўғрисида “Озодлик”да берилган қурултойда Сталин тўғрисида турли хил фикрлар бўлди. Кўпчилиги Сталинга эътиқодли одамларни “Виждон (эътиқод) эркинлиги тўғрисида”ги қонунга хилоф равишда хоин ва аҳмоқ дейишдан ҳам андиша қилишмади. Шундайлардан бирига бошловчи: “Кўпчилигимизнинг ота-боболаримиз каби сизнинг отангиз ҳам уруш қатнашчичси экан ва ўлгунича Сталинга бўлган эътиқоди сўнмаган экан”, деди.
Айрим антисталинчилар: “Мана, НКВД, КГБ. СНБнинг архивларида Сталинни фош қилувчи ҳужжатлар сақланаяпти”, деб аюҳаннос солишди. Бу даъво бирон мантиққа тўғри келмайди. Қайси аҳмоқ экан у, ўзига қарши материални архивда сақлаб қўядиган?! Бир қизиқиб Ўзбекистон архивларини кўрингчи, Каримов режимини қоралайдиган биронта расмий ҳужжат топа олармикансиз.
Александр Македонский, Чингизхан, Амир Темур, Напалён, Сталин, Мао-Цюдун кабий буюк тарихий шахсларнинг ижобий ишлари билан хатолари ҳам бўлгандир албатта. Хато (гуноҳ) қилиш нафақат тарихий шахсларни, ҳатто Пайғамбарларнида четлаб ўтмаган.
Қуръони каримда Аллоҳ ўз Расулига айтган (47-сура, 10-оят): “Вас (эй Муҳаммад) .... ўз гуноҳингиз учун ва умматларингиз гуноҳи учун мағфират сўранг!” деганини бунга мисол ўлароқ кўрсада бўлади. Динимизда марҳумлар ҳақида гапирганда: “Билиб-билмай қилган гуноҳ(хато)ларини кечириб, қилган яхши (савобли) амаллари билан сийлагин Аллоҳим”, деб дуо қилиниши ҳам бежиз эмас.
“Озодлик” қурултойида ўзини тарихчи деб таништирган, ўзбек тилидаги биронта тинш белгиларига амал қилмай гапирган оташин антисталинчи йигитнинг жазавага тушганини, Сталинга эътиқод қўйган манабу суратдаги Ўзбекистонлик олим ва генерал ҳам эшитиб: “Сен Сталинни, тарихни биздан, таниқли академиклардан, Г.Жуков каби ўта принципли ва афсонавий маршаллардан яхши биласанми, эй тирмизак?!, деганларига ҳеч шубҳа йўқ.
Нафақат тарихий шахслар ҳақида, ва шунингдек, истаган бир одам ҳақида ҳоҳлаганча ижобий, ҳоҳлаганча салбий муносабат билдириш мумкин ва буларнинг икаласи ҳам ўзича тўғри деб ҳисобланади.
Бундан 2 йил олдин, Лондонда Афғонистонда жанг қилган, орденларни осиб, қарамон сифатида ўзини кўз-кўз қилиб юрган бир йигитни ўзининг ҳамшаҳари бўлган қора танли йигит: “Сен Афғонистонга агрессор сифатида бориб, мусулмонларни ўлдирганинг учун қаҳрамон бўлдингми? Сен қаҳрамон эмас, қотилсан! Сени ўлдирган ғозий сифатида жаннатга бесўроқ киради”, деб ҳамманинг кўз олдида уни чавоқлаб ташлади. Бутун бошли Британия бунга таассуф билдирди. Ваҳобийлар ва Толибонлар эса, бундан хурсанд бўлишди.
Яқинда Францияда Муҳаммад алейҳиссаломни ҳажв қилгани учун Чарли журналига ҳужум уюштирилди. Натижада 20 дан ортиқ инсон қурбон бўлди. Европа доҳил демократик давлатлар буни сўз эркинлигига ҳужум, ҳужум қилганларни эса террорист-қотиллар, деб баҳолади ва у кунни мотом деб эълон қилишди. Ислом дунёси эса, уларни мужоҳид-шаҳидлар деб эълон қилиб, уларга жанозалар ўқиб, улар ҳаққига ҳатми Қуръонлар қилишди.
Шу муносабат билан ҳамюртимиз Г.Бухорбоева мақола билан чиқиб: “Менинг “Узнюс” сайтим ёпилмаганида, Чарлига ҳамфикр сифатида, мен ҳам Пайғамбарни масхаралаб материал чоп қилардим”, деб ёзди. Унинг бу чиқишини кимлардир “жасур-журналист” деб баҳолаган бўлса, кимлардир “мунофиқ-муртад” деб баҳолади.
Менинг таклифим шуки, демократия, сўз эркинлиги каби инсон ҳуқуқлари ҳам ўз меъёрида, қонун назоратида бўлиши керак.
Тарихий ва таниқли шахслар ҳақида гапирганда (айниқса уларни танқид қилганда) эҳтиросларга берилмай, жазавага тушмай, ишончли далиллар асосида, босиқлик билан гапириш ва ёзиш лозим. Сиз салбий деб ҳисоблаган шахсларга эътиқод қўйган одамлар ҳам борлигини унутмаслик керак.
А.Хоразмий
|