"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Илму - фан

Ахмад ҳожи Хоразмийнинг танланган асарлари

                                           Хоразмий Улуғбек

Ахмад ҳожи Хоразмийнинг танланган асарлари ҳақида


Маълумки, танланган асарлар йирик олим ва ижодкорларнинг нашр қилинган асарлари ичидан танлаб олинган ва илмий, адабий, сиёсий, диний ва тарбиявий аҳамиятга эга  бўлган асарлар тўпламидир.
А.Хоразмийнинг қуйидаги 16 том(жилд)дан иборат танланган асарлари унинг илмий, ўқув, диний, тасаввуф, адабий, сиёсий ва бошқа йўналишда нашр қилинган 200 дан ортиқ мақолалари ва 30 дан ортиқ китоб ва рисолалари асосида дунёга келган.


Айрим китоб ва мақолаларда ҳаммуаллиф(соавтор)лар ҳам бўлиб, у асарлардаги уларнинг иштироги 5-15 %ни ташкил қилади. Шундай бўлсада, ҳаммуаллифларнинг иштироки бўлган бўлимлар танланган асарларга киритилмади.
Танланган асарларнинг айрим том(жилд)лари унга асос бўлган китоблар билан бир хил номланган бўлсада, уларга китоб нашридан кейин қилинган тадқиқотлар асосида эълон қилинган мақолалар қўшилиб, янги бўлим ва боблар шаклида киритилди.
А.Х.Хоразмийнинг танланган асарларини нашр қилишда анъанавий усулдан четланишга тўғри келди. Яъни, танланган асарлар нашри боши(1-чи том)дан охири(16-чи том)га қараб бормай, қайси том нашрга таёр бўлса, ўшаниси чоп қилиб борилаверди. Китоб(том)лар бир-бирига боғлиқ эмаслиги (бир-бирининг давоми эмаслиги) сабаб танланган асарларнинг аралаш усулда нашр қилиниши ўқувчига ноқулайлик туғдирмайди.
“Танланган асарлар” каби капитал асар таёрлаш ва нашр қилиш йўлида муаллифнинг бу биринчи уриниши эканлиги боис, унда қатор хато ва камчиликлар бўлиши мумкин. Уларни тўғирлаш мақсадида билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар мамнуният билан қабул қилинади.                      

Ношир

---------------------------------------------------
                                           Т а н л а н г а н   а с а р л а р  
                                                                1–том 
                                            Ахмад ҳожи Хоразмий ҳақида
                                                           Муаллифлардан 


“Ахмад ҳожи Хоразмий ҳақида” деб номланган ушбу 1-том(жилд)да Хоразмийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида турли мамлакатларда ва тилларда чоп қилинган материаллар жамланган.
Шуни таъкидлаш кераккки, Турли хил СМИ ва тилларда А.Х.Хоразмий ҳаёти ва фаолияти ҳақида 40 дан ортиқ мақолалар, радио ва телеочерклар берилган. Уларнинг кўписи Ўзбекистон матбуотида эълон қилинган. Қуйидаги бобларда улардан айримлари келтирилади


I – Боб. А.Х.Хоразмийнинг мухтасар автобиографияси ва унга тааллуқли айрим ҳужжатлар.
II – Боб. Профессор Ахмад ҳожи Хоразмий асарлари ва уларнинг мухтасар мазмуни.
III – Боб. Ахмад ҳожи Хоразмий ҳақида ўзбек тилида нашр қилинган айрим материаллар.
 IV – Боб. Ахмад ҳожи Хоразмий ҳақида турли нашриларда рус тилида эълон қилинган мақолалар.
V – Боб. Ахмад ҳожи Хоразмий ҳақида туркман ва турк тилларида нашр қилинган материаллар.
VI – Боб. Ахмад ҳожи Хоразмий ҳақида инглиз тилида нашр қилинган айрим мақолалар.
----------------------------------------------------
                                             Т а н л а н г а н   а с а р л а р   
                                                               2 –том
         ЎЗБЕКИСТОН  ТАБИЙ ПИЧАНЗОР ВА  ЯЙЛОВЛАРИНИ ЎҒИТЛАШ


 “Фан” нашриётида (Тошкент-1982) рус тилида нашр қилинган ушбу монография танланган асарлар 2-томини таёрлашда асос қилиб олингани сабаб бу том ҳам шундай номланди. 
Унда Ўзбекистоннинг баландлик пояслари (зоналари) бўйича табиий ем-хашак ўсимликларига турли хил  минерал ўғитлар қўллаш масалалари ёритилган. Пичанзор ва яйлов ўсимликлари  ейимлилик сифатига, тупроқ  ва ўсимликлар озуқа режимига, ҳосилдорлик динамикасига ўғитларнинг  таъсири  ва кейинги таъсири кўрсатилган.
Ўзбекистон шароитида табиий озуқа ўсимликларини озиқлантришнинг иқтисодий самарадорлиги  ва рентабеллиги, табиий пичанзор ва яйловларни ўғитлаш  муддати ва усуллари аниқланган. 


Бу том (китоб) ботаниклар, озуқа тайёрловчилар, агрохимиклар, зоотехниклар ва олий ўқув юрталари  ўқитувчилари ва талабаларига мўлжалланган. 
Бу 2-том кириш, Ўзбекистон фитоценозлари тупроқ-иқлим хусусиятлари, табий пичанзор ва яйловларни ўғитлаш бўйича адабиётларга шарх, тадқиқот объектлари ва тадқиқот услублари, табиий пичанзор ва яйловлар  тупроқлари  унумдорлигини оширишда минерал ўғитларнинг роли, табиий пичанзор ва яйловлар ҳосилдорлиги ва ботаник составига  минерал ўғитларнинг  таъсири, табиий пичанзор  ва яйлов ўсимликлари химиявий составига минерал ўғитлар таъсири, ўғитлар кейинги таъсирининг  табиий пичанзор ва яйловлар   маҳсулдорлигига  таъсири, табиий пичанзор ва яйловларга  қаттиқ ва суюқ  ўғитлар қўллашнинг  иқтисодий  самародорлиги  каби бўлим ва боблардан иборат. 
 Бу томга Ўзбекистон табий фитоценозларини озиқлантириш борасидаги кейинги 30 йилда олиб борилган тадқиқотлар асосида эълон қилинган мақолалар ҳам янги бўлим ва боб шаклида кирган
Шуни таъкидлаш керакки бу том (китоб) менинг биринчи докторлик диссертациям  асосида ёзилган бўлиб, унинг асосини  ташкил қилган  тадқиқотлар,  1978 йилда  Ўзбекистон Фанлар Академяси мукофотига  сазовор бўлган.
----------------------------------------------------------
                               Т а н л а н г а н   а с а р л а р  
                                                 3 –том
              МОЗАМБИК   ПАХТАЧИЛИГИНИ РИВОЖЛАНТиРИШ  МАСАЛАЛАРИ 


Ушбу монографиядаги материаллар танланган асарларнинг 3-томини таёрлашда асосий манба бўлиб хизмат қилди. Бу томга 1991 йилдан кейин нашр қилинган қатор мақолалар ҳам янги бўлим ва боб сифатида киритилди.
Унда Мозамбик ҳалқ республикаси табий шароити,  колониядаги ва колониядан кейинги даврдаги пахтачилиги, пахта етиштриш традицияси, агротехник  усуллари, пахта ва бошқа ўсимликларга қўлланиладиган ўғитларнинг турлари, нормалари ва ўғитни солиш усуллари ёритилган. Шунингдек аввалги қилинган тадқиқотларга баҳо берилиб, тавсия қилинаётган услубларининг самарадорлиги кўрсатилади.


Бу 3-том қишлоқ хўжалик мутахассисларига, тадқиқотчи – агрохимикларга ҳамда Африкада ишлашни мўлжалаётган  мутахассисларга  мўлжалланган. 
 Бу китоб 1984 йили Мапутода (португал тилида) ва 1991 йили Тошкентда (рус тилида) нашр қилинган.
3-томиниг кириш қисмида Мозамбик ҳалқ республикаси учун пахтанинг нақадар зарурлиги, 1975 йилдан (колониядан
чиққанидан) кейин қишлоқ ҳўжалигининг кескин чўкиб кетганлиги, уни кўтариш йўллари ва илмий услублари баён қилинади..
Нампула провинцияси – МХР нинг пахта базасидир деб номланган қисмида бу вилоятда мамлакат бўйича етиштирилаётган пахтанинг ярмидан кўпроғи етиштирилиши назарда тутилиб, бу провициянинг табиий-иқлим шароити, қишлоқ хўжалиги тўғрисидаги умумий малумотлар, пахтачиликнинг давлат сектори ривожланиш хусусиятлари очиб берилади.
Энг катта ва асосий бўлган “ Мозамбик халқ республикаси пахтачилигида ўғитлар қўллаш” деб номланган қисми ўз ичида 6 бобни бирлаштиради. Бунда ўғитлар  кўллаш муаммоси бўйича Мозамбикда олиб борилган тадқиқотлар ва тажрибалар қўйиш шароити, пахта ҳосилдорлигининиг ўғит ва бошқа агротехник тадбирларга боғлиқ эканлиги кўрсатилади. 
Хулоса қисмида  Мозамбик қишлоқ хўжалигини (асосан пахтачилигини) кўтаришда ўғитлар кўллаш асосий агротехник усул эканлиги  эътироф этилиб,  пахта, маккажўхори, мандёка, пичанзор ва яйлов ўсимликларини ўғитлашнинг илмий асослари баён қилинади.
3-томнинг асосини ташкил қилган бу китоб менинг иккинчи докторлик (Мозамбикда ҳимоя қилинган) дииссертацим асосида ёзилган бўлиб, у Мозамбик ҳукуматининг фахрий ёрлиғи(миннатдорчилиги)га сазовор  бўлган. 
---------------------------------------------------------------
                                         Т а н л а н г а н   а с а р л а р   
                                                             4–том

ЕР  ШАРИНИНГ  ТУРЛИ  ХИЛ  ТУПРОҚ-ИҚЛИМ   ШАРОИТЛАРИДА   ОЗУҚА  ЎСИМЛИКЛАРИНИ  ОЗИҚЛАНТРИШНИНГ   ИЛМИЙ  АСОСЛАРИ


Салкам 50 босма табоқ ҳажмга эга бўлган ва “Фан” нашриётида (Тошкент-1996) чоп қилинган бу капитал асар  ер шарининг турли хил шароитларида табиий ем-хашак ўсимликлари ва  маккажўхори маҳсулдорлигини ошириш муаммосига бағишланган ва у 4-томни таёрлашда асосий манба бўлиб хизмат қилди.
 4-томда маккажўхори  ва табиий ўсимликлар озуқавий  сифатига, фитоценозлар ботаник состави ва ҳосилдорлигининг ўзгариш динамикасига, тупроқ ва ўсимлик озуқавий режимига ўғитларнинг таъсири  ва кейинги таъсири тадқиқ қилинган.


 Табиий  фитоценозлар ва маккажўхори  учун ўғитларнинг оптимал тур ва нисбатлари, дозалари, муддат ва усуллари ўрганилган. Мозамбик ва Ўзбекистоннинг  вертикал зоналари  бўйича табий пичанзор ва яйловлар ҳамда  маккажўхорини озиқлантиришнинг  рентабиллиги  ва иқтисодий самарадарлиги аниқланган. Шунингдек, ўғитларнинг  устама ҳосил билан қопланишини аниқлаш  методи  ишлаб чиқилган.
  Бу том (китоб) агрохимиклар, тупроқшунослар, ботаниклар, агрономолар, зоотехниклар, аспирантлар, докторантлар  ва тегишли олий ўқув юрти талабалари учун мўлжалланган.
 Бу китоб менинг учунчи (охирги) докторлик диссертациям асосида ёзилган, ва ҳалқаро Ал-Хоразмий мукофотига тағдим қилинган.
  4-томнинг кириш қисмида Мозамбик  ва Ўзбекистон чорвачилиги учун маккажўхори  ва табиий ем-хашаклар асосий озуқа  базаси эканлиги, улар маҳсулдорлигини кескин оширишнинг энг самарали усули  ўғитлар қўллаш  эканлиги қайд қилинган.
 4-том уч қисимдан иборат бўлиб унинг биринчи қисми услубий-аналитик  бўлим дейилиб,  ўз ичига иккита: маккажўхори ва табий озуқа ўсимликларини  озиқлантириш муаммоларининг ўрганилиши (адабиётларга шарҳ), ҳамда тадқиқот услуби ва объектлари  бобини олади.
Иккинчи қисм ер  шарнинг турли шароитларда табий озуқа ўсимлкларининг маҳсулдорлигига  ўғитларнинг таъсири ва кейинги таъсири  деб номланиб, 3-10 бобларни ўз ичига олади. 
Китобнинг учинчи қисми жаҳонинг турли хил  минтақа ва агротехик шароитларида  маккажўхории маҳсулдорлигига ўғитлар таъсири деб  номланади ва 12-15 бобларни ўз ичига олади.
Ушбу томнинг асосини ташкил қилган китобга академиклар С.Искандаров, А.Мадримов, доцент Р.Эгамбердиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган  агроном, қ/х фанлари номзоди  Ғ.Машариповларларнинг  расмий тақризи ва ҳалқаро мукофатга тавсияси эълон қилинган. 
Шулар асосида бу китоб ҳар икки йилда бир марта бериладиган Туркманистон Давлат Ал-Хоразмий номидаги ҳалқаро мукофотга  тағдим қилинган.
-------------------------------------------------------------------
                                    Т а н л а н г а н   а с а р л а р  
                                                           5–том

        ЎСИМЛИКЛАРНИ   ЎҒИТЛАШНИНГ  ЭКОЛОГИК  ВА  ИҚТИСОДИЙ АСОСЛАРИ


 “Хоразм“ нашриётида (Урганч – 2000) чоп қилинган ушбу монография танланган асарларнинг 5-томини таёрлашда асосий манба бўлиб хизмат қилди. Шу боис бу томнинг номи ҳам китоб номи билан бир хил қилиб қолдирилди.
Бу томда ўсимликлар ҳосилини ошириш ҳамда уларни зараркурандлардан ҳимоя қилиш учун ишлатиладиган агрохимикат(минерал ўғит ва пестицид)ларнинг тупроқ экологиясини бузиши кўрсатилиб, унга қарши кураш йўллари баён қилинади.
Бу кураш икки қисмдан: Биринчиси - химиявий  моддаларнинг  тупроққа тушишини тўхтатиш: Иккинчиси - бузилган  тупроқларниннг табиий (экологик) ҳолатини  тиклашдан иборат  бўлиши кераклиги  таъкидланади. 


Ҳар иккаласини амалга ошириш ҳам бир неча босқичларда боради. Биринчи босқичда тупроққа тушадиган  химиявий моддаларнинг  аввал бир қисмини,  кейинги босқичларда   бошқа қисмларини тўхтатиш. Иккичи қисмнинг  биринчи босқичида тупроқ табий экологик ҳолатини бузган химиявий  моддаларнинг сифат ва миқдорини  аниқлаш ва бу моддаларни  йўқотиш усулларини  ишлаб чиқиш. 
Иккинчи  босқичда  яратилган услублар  ёрдамида  тупроқларнинг табиий  (экологик) ҳолотини тиклаш йўллари  ишлаб чиқилиши лозимлиги таъкидланади.
5-том агрономлар,  агрохомиклар,  тупроқшунослар, экологлар ва  тегишли олий ўқув юрти талабалари  учун мўлжалланган.
    5-томнинг кириш қисмида узоқ (30-40) йиллардан буён катта  дозада  солинган минерал ўғитлар ва  пестицидлар таъсирида айрим  далалар  тупроқлари  экологиясининг  сезирарли даражада  бузилганлиги, натижада ўсимликлар ҳосилининг    пасайиб   кетаётгани, озроқ  нормада берилган  минерал ўғитлар  деярли самара  бермаётгани  таъкидланади.  Бу муомони  ечиш учун  иккита йўналишда  тадқиқот олиб бориш  зарурлиги баён қилинади.
 Бу томнинг биринчи  қисми - “Агрохимикат(минерал ўғит ва  пестицид)ларнинг  тупроқларнинг  агрохомиявий,  агрофизик ва биологик  хусусиятларига таъсири” деб номланади. 
 Иккинчи  қисми - “Тупроқ экологиясини     бузувчи суъний (химиявий)  моддаларининг тупроққа  тушишига чек қўйиш”  деб номланади ва ўсимликлар  хосилини кўтариш  мақсадида  ишлатилаётган  минерал  (химиявий) ўғит ва пестицидларни  тўхтатишни  босқичма-босқич  амалга ошириш  йўллари, ҳамда,  биринчи  босқичда  қилинган тадқиқотларга  бағишланади.
Бу томнинг негизини ташкил қилган юқоридаги китобга қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Ғ.Сотиповнинг “Зарур қўлланма” сарлавҳали шарҳ ва тақризи “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” журналининг 2001 йил 4-сонида “Китоб жавонингизга” рубрикаси остида эълон қилинган.
-----------------------------------------------------------------------------
                                       Т а н л а н г а н   а с а р л а р  
                                                               6–том

                               ХОРАЗМ  ДЕҲҚОНЧИЛИГИНИНГ  ИЛМИЙ  АСОСЛАРИ  


“Фан” нашриётида (Тошкент-1996) чоп қилинган ушбу рисола 6-томнинг асосини ташкил қилади. Унда Хоразм деҳқончилиги ва тупроқ экологияси борасида 2000-йилдан кейин олиб борилган тадқиқотлар асосида нашр қилинган қатор мақолалар ҳам жой олган.
Бу 6-томда Хоразмда кўп (70) йиллар олиб борилган тадқиқотлар асосида вилоятнинг ниҳоятда оғир  ва мурракаб тупроқ-иқлим ва экологик  шароитида қишлоқ хўжалик ўсимликларидан юқори ҳосил олишнинг  илмий асослари баён қилинган.
  Бу том Хоразм дехқонлари учун амалий  қўлланма ҳамда ўрта махсус ва олий ўқув юртларининг тегишли мутахасисликдаги  талабалари учун ўқўв қўлланмаси  сифатида мўлжалланган.
  6-томнинг кириш қисмида Хоразм  воҳасининг  мураккаб иқлим,  оғир экологик шароитларида деҳқончилик қилиш хусусиятлари, бундай шароитда пахта ва бошқа ўсимликлардан юқори хосил олиш учун ҳал қилиниши керак  бўлган муаммолар баён қилинади.


Хоразим пахтачилиги 70 йилда деб номланган бўлимда  Хоразм пахтачилиги  ҳўкиз билан ер ҳайдашдан,  ерни Кейс (Германияда ишлаб чиқилган замонавий трактор) билан ҳайдаш давригача,  ҳар гектар ердан  олинадиган ўртача  ҳосилни 3–5 ц дан 35-40 ц гача  бўлган даврни  ўз ичига олади. 
Тажриба станциясидан  институт  филиялигача  деб номланган  бўлиимда  Хоразм  деҳқончилигини илмий асосга ўтказишда ҳал қилувчи рол ўйнаётган илмий  ташкилот - Ўзбекистон пахтачилик институти  (аввалги  СоюзНИХИ) Хоразм  филиалининг 1926 йилда  Хивада ташкил қилинган кичкина  бир тажриба  станциясидан  катта бир институтнинг  филиали  даражасигача кўтарилиш  тарихи ва бу юксалишда  бу ташкилотга  директорлик қилган  П.Яхтенфельдан профессор А.Хоразмийгачаги  раҳбарларнинг  роли баён қилинган.
Хоразм тупроқлари  мелеорацияси ва ўсимликларнинг сув режими бўлимида Хоразм воҳасидаги  асосий тупроқлар, уларнинг шўрланиш  даражаси  ва сифати, Хоразм шароитида шўр ювиш  хусусиятлари, экинларни сувғоришда  оқова сувларидан фойдалиниш йўллари  кўрсатилган. 
Пахта ва бошқа асосий ўсимликлар  агротехникаси  ва алмашлаб  экиш бўлимида Хоразм шароитида  шудгорлашнинг  самарали  усуллари ва  муддатлари, пахта ва шолини кўчатлаб экиш  усули, пахта ва  бошқа  экинларни  экиш муддати, кўчат қалинлиги   ва  алмашлаб экишнинг  илмий асослари  кўрсатилган.
Тупроқ унумдорлиги  ва ўғитлар  қўллаш  бўлимида Хоразм  воҳасининг  асосий тупроқлари  ва уларнинг  морфологик хусусиятлари, бу  тупроқларга  қўлланиладиган минерал,  органик, микро  ва комплекс  ўғитлар,  бу ўғитларнинг  тупроқлар  билан  бўладиган  муносабатлари, пахта ва бошқа экинларни Хоразм шароитида ўғитлашнинг асосий йўллари кўрсатилган.
  Истиқболи ғўза  навлари экологияси ва ғўза уруғчилиги  асослари бўлимида  Хоразмда экилаётган ғўзанинг  асосий истиқболли  навлари ва уларнинг биологик хусусиятлари,  ғўзанинг Хоразмда  яратилаётган  янги  навлари ва уларнинг  қиёсий  кўрсатгичлари ҳамда ғўза уруғчилиги асослари баён қилинган. 
-------------------------------------------
                                         Т а н л а н г а н   а с а р л а р   
                                                            7–том

                                          Тадқиқотлар ва натижалар


(Агрохимия, экология, дин ва тасаввуф бўйича илмий ва услубий мақолалар)
Аввало тағдир тақозаси, қолаверса ижод ва фаолиятим ҳам сабаб 2005 йилда муҳожирот(Буюк Британия)га юз тутдим. Муҳожирликда яшашим давлат томонидан таъминлангани билан Ўзбекистондаги оилам ва фарзандларим тирикчилиги  учун норасмий ва тинимсиз меҳнат қилишга мажбур эдим.
Қолган озроқ вақтни тил ўрганишга сарфладим. Уйқу ва дам олиш (телевизор кўриш) учун ажратилган вақтнинг асосий  қисмини илмий ва ижодий ишларга сарфладим. Қатор китоблар ёздим. 
Булардан ташқари, илмий, услубий, диний, адабий йўналишларда ҳам турли мамлакат ва тилларда қатор мақолалар нашр қилдим. Мутахасис-олим сифатида ВВС, “Озодлик” каби ҳалқаро радиоларда бирқатор чиқишлар қилдим.


Бу мақолалар “Тадқиқотлар ва натижалар” номли ушбу 7-томга  киритилган бўлиб ва улар ўз хусусиятларидан келиб чиқиб, қуйидаги 3 та бобга жойлаштирилган:
“Илмий методик (ўзбек ва рус тилида) мақолалар” бобига  “Агрохимиянинг ифодаси, талқини ва уни  ўқитиш технологияси” (Таълим технологиялари-№5, Тошкент-2006), “Жаҳоннинг турли хил минтақаларида табий фитоценозларни ўғитлаш тизими” (Экологик хабарнома-№2, Тошкент-2009), “Влияние агрохимикатов на свойства луговых почв и эффективности удобрение хлопчатника” (Лондон-2005), “Экологические проблемы агрохимикатов” (Экологический вестник №2, Ташкент-2007) каби қатор илмий ва услубий мақолалар жамланган.
“Диний ва тасаввуф йўналишдаги мақолалар” бобига “Қорбобо(Хоразмий)нинг Ваҳобийларга жавоби”, “Иегова (Тангри) шоҳидлари ҳақида билганларим”, “Тасаввуф ва тариқат ҳақида”, “Тасаввуфга тош отманг”, “Тасаввуф ва Исломда муросага таклиф” каби қатор мақолалар жамланган.
“ВВС ва “Озодлик”даги чиқишлар” бобида Доктор Ойдин Солиҳнинг “Ҳақиқий тиббиёт” китоби ҳақида, “Қишлоқ хўжалиги бўйича таниқли олим Ахмад ҳожи Хоразмий (га савол беринг) ВВС тингловчилари саволларига жавоб берди”, “Комилжон Отаниёзовнинг таваллуд куни нишонланмоқда”   каби материаллар жамланган.
--------------------------------------------------------------------------- 
                                      Т а н л а н г а н   а с а р л а р  
                                                       8 –том

                             ТУПРОҚШУНОСЛИК  ВА АГРОХИМИЯ КУРСИ


8-том ушбу ўқув қўлланма асосида таёрланган бўлиб, у тупроқшунослик ва агрохимия курслари бўйича ўқиган кўп йиллик лекцияларим ва олиб борган амалий машғулотларим, ҳамда жаҳоннинг турли хил шароитларида ўтказган тадқиқотларим мабойнида тўплаган оригинал материаллар асосида тузилган ва биринчи нашри 1998 йилда Урганчда амалга оширилган.
Бу  8-том тегишли олийгох талабалари  учун ўқув қўлланма ва қишлоқ хўжалиги мутахасислари (агроном, агрохимик, тупроқшунослар) учун амалий қўлланма сифатида мўлжалланган.
Қўлланма тупроқшунослик ҳамда агрохимия деб номланадиган иккита катта қисмдан иборат.


Тупроқшунослик қисми тупроқшунослик фанининг предмети ва объектлари, тупроқнинг морфологик белгилари, тупроқ бонитровкаси, дунё тупроқлари, Ўзбекистоннинг асосий тупроқлари, Хоразм воҳасининг асосий тупроқлари ва уларнинг морфологик тузилишлари, магистрлар учун ёзилган “Антропоген тупроқлар ва уларда озиқ элементларнинг айланиши” (Тошкент-2003) каби қатор бўлимларни ўз ичига олган.
Агрохимия қисмида агрохимия фанининг услуби ва вазифалари, ўсимликларнинг озиқланиши, асосий озиқ элементларнинг физиологик роли, қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган асосий минерал ва маҳаллий ўғитлар, қишлоқ хўжалигига агрохимия хизмати кўрсатиш, ўсимликларни Хоразмий услубида ўғитлашнинг афзалликлари, ҳар бир кг солинган ўғитга олинадиган қўшимча ҳосил (қопланиши)ни Хоразмий услубида аниқлаш, ўғитларнинг экологик ва иқтисодий самарадорлиги каби масалалар баён қилинади.
Ва шунингдек, агрохимия қисмига магистрлар учун ёзилган “Қишлоқ хўжалик экинларига ўғит қўллаш тизими” (Тошкент-2003) ва “Дончиликда ўғит қўллаш системаси” (Тошкент-2003) каби боблар ҳам киритилган.
------------------------------------------------------------------------
                                    Т а н л а н г а н   а с а р л а р  
                                                      9–том

               ЎҒИТЛАР  САМАРАДОРЛИГИНИ  ОШИРИШНИНГ  ИЛМИЙ  АСОСЛАРИ


 “Фан” нашриётида, (Тошкент – 1994) нашр қилинган ушбу ўқув қўлланма танланган асарларнинг 9-томини таёрлашда асос қилиб олинди. Бу том ўғитлар ва агрохимия соҳасида 1995-2014 йилларда қилинган тадқиқотлар асосида нашр қилинган қатор мақолалар билан бойитилди.
Бу томда қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида фойдаланаладиган асосий ўғитлар, уларнинг агрохимиявий хоссалари ва ўғитларнинг устама ҳосил билан қопланишини аниқлаш методи баён қилинган.
Шунингдек, қўлланмада кўп йиллар олиб борилган тадқиқотлар асосида жаҳоннинг турли хил тупроқ-иқлим шароитларида ҳар хил ўсимликларга қўлланиладиган турли хил ўғитлар самарадорлигини ошириш йўллари кўрсатилган. 


9-том агрохимиклар, ботаниклар, зоотехниклар, агрономлар, биологлар ҳамда тегишли олийгох ўқитувчилари ва талабаларига мўлжалланган.
Қўлланма кириш билан бошланади ва бунда китобнинг мақсади ва вазифалари, агрохимикат (химиявий ўғит)ларнинг тупроқ экологиясини бузиши ва унга қарши кураш чоралари баён қилинади. 
9-томнинг ўқув-методик бўлими ўзида “Ўғитлар ва улар самарадорлигини ошириш муаммолари”, “Жаҳоннинг турли хил тупроқ-иқлим шароитларида ўғитлар самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилган тадқиқотлар методикаси”, “Ҳар бир кг солинган ўғитга олинадиган қўшимча ҳосил (қопланиши)ни (Хоразмий методида) аниқлаш услуби”, “Жаҳоннинг турли хил тупроқ-иқлим шароитларида табий ўсимлик(фитоценоз)ларни ўғитлаш тизими” деб аталадиган  учта бобни бирлаштиради.
Қўлланманинг экспериментал тадқиқотолар бўлими ўзида:  “Жаҳоннинг турли хил тупроқ-иқлим шароитларида табий ўсимлик(фитоценоз)ларни ўғитлаш тизими”, “Ер шарининг ҳар хил регионларида маккажўхорини ўғитлаш хусусиятлари”, “Дунёнинг ҳар хил қитъаларида пахтага ўғитлар қўллаш самарадорлиги”, “Ёнғоқ-мевали дарахтларни ўғитлаш системаси”, “Интенсив деҳқончилик шароитида янги резервлар” деб номланадиган 5 та бобни бирлаштиради.
9-томнинг асосини ташкил қилган бу қўлланма ўзининг илмий, ўқув ва амалий аҳамияти учун Ал-Хоразмий мукофотга (1995) сазавор бўлган.
----------------------------------------------------------------
                                   Т а н л а н г а н   а с а р л а р   
                                                     10–том

                        ТУПРОҚ  ХОССАЛАРИ  ВА  ЎҒИТ  ҚЎЛЛАШ  АСОСЛАРИ


 Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, академик Ж.С.Сатторов маъсул муҳаррирлигида 2004 йилда Тошкентда нашр қилинган ушбу китоб, танланган асарларнинг 10-томи учун асос вазифасини ўтади.
 5А620102 “Агрохимия” ва 5А620105 “Тупроқшунослик” мутахасисликлардаги магистрлар учун мўлжалланган бу қўлланма проф А.Х.Хоразмий  томонидан Ўзбекистон Олий ва Ўрта махсус таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган янги намунавий дастур асосида ёзилган.
Бунда Ўзбекистон тупроқларининг асосий хосса ва хусусиятлари, уларнинг минерал ва маҳаллий ўғитлар таъсирида ўзгариши, тупроққа турли хил агрохимикат(химиямий ўғит)лар киритилиши билан юзага келадиган экологик муаммолар ва уларни бартараф қилиш йўллари баён қилинади.
Шунингдек, қўлланмада ҳар хил тупроқлардаги ўтказилган тажрибалардан ва агрхимкартограммалардан олинган маълумотлар асосида бериладиган ўғит тури ва меъёрини ҳисоблаш, тупроққа ўғит солишнинг истиқболли технологияси ва ҳар бир кг солинган ўғитга олинадиган қўшимча ҳосилни аниқлаш каби оригинал услублар ҳам келтирилади. Шу боис қўлланмадан агрономия йўналишидаги бакалавр, магистр, аспирант ва тадқиқотчилар ҳам фойдаланиши мумкин.


Бу томга 2005-2014 йилларда нашр қилинган “Агрохимикатларнинг экологик муаммолари”, “Таълимда экологик муаммо, тадқиқот ва тарбия” каби мақолалар янги боб сифатида киритилди.
 “Кириш” қисмида ушбу қўлланманинг аҳамияти, ёзилишидан мақсад, унинг вазифалари баён қилиниб, ушбу китоб Ўзбекистонда магистрлар таёрлаш учун ёзилган биринчи қўлланма эканлиги қайд қилинади.
Биринчи қисми – назарий (маъруза) машғулотларга бағишланган бўлиб ўзида 10 та бобни бирлаштиради ва унда асосан маъруза қилинадиган мавзулар рўйхати келтирилади. Қўлланманинг иккинчи қисми – амалий машғулотларга бағишланган ва у ўз ичига 5 та бобни бирлаштиради 
“Тупроқ хоссалари ва уларнинг ўғит қўллашдаги аҳамияти” фанидан тест саволларида  ҳар бир бобдаги ҳар бир мавзу бўйича саволлар қўйилган бўлиб ҳар бир саволга  А,Б,В,Г,Е пунктлари бўйича бешта жавоб ёзилган. Улардан фақат биттаси тўғри бўлиб имтихон пайтида талабадан уни тўғри топиш талаб қилинади.
Қўлланманинг “Адабиётлар” қисмида фойдаланилган ва талабалар фойдаланиши лозим бўлган асосий манбалар рўйхати берилган.
---------------------------------------------------------------------
                                     Т а н л а н г а н   а с а р л а р
                                                     11–том

                                                    В А К И Л   
                                              (ёхуд турфа ғоялар)


Танланган асарларнинг 11-томи 1999 йилда “Хоразм” нашриётида чоп қилинган “Вакил” номли илмий-сатирик рисола асосида таёрланди. 
Бу томда коммунистлар партияси ҳукмронлиги давридаги (ҳозирда ҳам) қишлоқ хўжалигида ҳукм сурган вакилчилик, оператив группа каби диктаторлик аралашувлар, “режа-қонун” асосидаги қўшиб ёзиш каби кўзбўямачиликларнинг нафақат фойда бермаслиги, аксинча, унинг иқтисодий ва маънавий жиҳатдан зарар эканлиги илмга асосланиб, адабий сатирик усулда очиб берилган.
Шунингдек, 11-томда қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини даврнинг янги иқтисодий талаблари асосида ташкил қилиш, ҳамда, ҳалқ хўжалигида мутахасис ва раҳбар кадрларни танлаш ва тарбилаш бўйича мулоҳазалар келтирилган.


11-том қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мутахасисларга, раҳбарларга ва шунингдек сатирик адабиётни севувчи кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.
Китоб иқтисод фанлари доктори, Обком(ХДП)нинг иккинчи секретари, профессор Бахтиёр Рўзметов ва Ўзбекистон журналистлар союзи аъзоси Рўзимбой Ҳасанлар ёзган муқаддима билан бошланади.
11-том ўз ичига “Райком секретари(ёшулли)нинг ғояси”, “Райком вакиллари хўжаликлрда”, “Вакиллар разбори (таҳлили)”, “Вакилларнинг ташкилотларида”, “Райкомнинг оператив группаси хўжаликларда”, “Обкомнинг оператив группаси районларда”, “Оператив группалар якуни”, “Мутахасис(олим)лар маслаҳати (тавсияси) ва ёшуллининг кўрсатмаси”, “План – қонун”, “Тавсия (хулоса) ўрнида” каби бобларни ўз ичига олади.
Китоб Ўзбекистон журналистлар союзи аъзоси Шавкат Болтанинг “Жасорат-ла битилган рисола... ёхуд иллат илдизига урилган болта” номли “Вакил”га ёзилган тақризи билан ўз ниҳоясига етади.
Китоб 1999-2000 йиллар давомида “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” илмий-ишлаб чиқариш журналида ҳам босилди.
11-томнинг асосини ташкил қилган бу китоб ҳақида 2005-20014 йиллар давомида: ”Вакил”нинг дунёга келиши, “Вакил”нинг парвози, “Вакил”нинг зарари, “Ўзбекистон Солженицини (А.Хоразмий) ва унинг китоб(Вакил)и ҳақида”  каби мақолалар эълон қилинди ва улар 11-томга янги бўлим ва боблар сифатида киритилди.
---------------------------------------------------
                                               Т а н л а н г а н   а с а р л а р   
                                                                   12–том

                                                       Х О Р А З М   Ҳ А Н Г О М А Л А Р И


2010 йилда Лондонда (самаиздат шаклида) нашр қилинган  “Хоразм ҳангомалри” номли ушбу китоб танланган асарларнинг 12-томи учун асос қилиб олинди.
Бу ктоб асосан ҳажвий йўналишда бўлсада, унда айрим илмийлик ва тарихийлик ҳам йўқ эмас. Айрим ҳикоя(ҳангома)ларда тегишли даврлардаги тарихий ҳақиқатлар, тафсилотлар, географик жойларнинг ҳам тилга олиниши унинг қимматини янада оширади.
 Бу китобдаги қатор ҳикоя(ҳангома)лар рус, турк, инглиз ва бошқа тилларга ҳам таржима қилиниб, турли хил нашрларда чоп қилинган ва ўзининг кўплаган мухлисларини топган.


Бу китобдаги: “Лондон музейидаги накоут”, “Глупый вопрос”, “Бир ҳарф можороси” каби қатор ҳикоялар инглиз тилига таржима қилиниб, буюк Британиянинг ЭСОЛ (Хорижлик инглиз тилини ўрганувчилар) курси ўқув программасига киритилиб, услубий китобчада ҳам чоп қилинган.
Бу нашрга кирган ҳикояларнинг кўпчилиги аввалги (биринчи) нашрда ва қатор СМИларда ҳам эълон қилинди. Муштарийлар унга юқори баҳо бердилар ва ҳар бир янги ҳангомани интиқиб кутдилар. Айнан шу ҳолат қўлингиздаги қайта ишланган ва янги ҳикоялар билан тўлдирилган “Хоразм ҳангомалари” 2-чи нашрининг ёзилишига сабаб бўлди.
Ушбу том, муаллифнинг кириш сўзи, 7 та боб, 200 га яқин ҳикоя(ҳангома)ларни ўз ичига олиб, ноширнинг сўзи билан ўз якунига етади.
------------------------------------------------------------------
                                   Т а н л а н г а н   а с а р л а р   
                                                   13–том

                                   Адабий ижодда уринишлар


Танланган асарларнинг 13-томини ташкил қилган  бу китоб(тўплам)да   турли тилларда ва нашрларда чоп қилинган: “Буюк Чингиз Туркийни эслаб”, “Комилжон соний қиссаси”, “Аянчли кунлар тарихи”, “Қадрини топаолмаётган тавсия(ихтиро)нинг тарихи”, “Қизил китоб ҳақида”, “Шатранж (шахмат) ҳақида

мухтасар”, “Таълим тизимидаги муаммолар ҳақида”, “Ўзбек мардикорининг ҳаётидан”, “Каримовча аттестация ҳақида”, “Муҳожиротдан ютқазганларим ва ютганларим ҳақида”, “Сиёсат борасидаги мулоҳазалар”, “Лондон музейидаги нокаут”, “Хоразмий шеърияти” каби ўқувчилар назарига тушган публицистик, таҳлилий, сиёсий ва сатирик  мақолалар ва шеърлар тўпланган.
----------------------------------------------------------------
                                        Т а н л а н г а н   а с а р л а р
                                                              14–том

                                               Илмга бахшида умр
                                                            (Мемуар)


Танланган асарларнинг 14-томи “Илмга бахшида умр” номли мемуарга асосланган. Бу мемуар икки китобдан иборат бўлиб, биринчи китоб 26 босма табоқ ҳажмга эга бўлиб 2001 йилда Хоразмда нашр қилинган. Бу китоб 2 қисм, 18 бобдан иборат бўлиб, менинг 2000 йилгачаги ҳаёт ва фаолиятимни ўз ичига олган.
Иккинчи китоб 15,4 босма табоқ бўлиб, 2015 йилда Лондонда (самиздат шаклида) нашр қилинган. Бу (иккинчи китоб) 6 бобдан иборат бўлиб, менинг 21-асрда, яъни, 2000 йилдан кейинги ҳаёт ва фаолиятимни ўз ичига олади ва у менинг адолат учунги курашларим билан бошланади.


Мен бу мемуарни ёзишда, ўз замонасининг маддоҳларига ўхшаб, ҳеч бир сиёсий мафкурага ён босмадим. Ваҳоланки тарих (шу жумладан менинг тарихим ҳам) бу – фан, у ҳеч қайси сиёсатга ён босмаслиги лозим.
Бу томда келтирилган факт, ҳодса ва воқеаларнинг кўплари менинг илмий ва ижодий фаолиятим билан боғлиқ бўлганлиги учун ҳам, у бадийлаштирилмади.
Кейинги йилларда кўплаган СМИларда бу мемуарга: “Илмга бахшида умр ҳақида”, “Қизил китоб ҳақида”, каби қатор тақриз ва таҳлиллар ёзилган бўлиб, улар 14-томга янги бўлим ва боб сифатида қўшилди. 
14-томнинг асосини ташкил қилган бу китоб, Ўзбекистон Ҳукуматининг (ғазабли) ва Туркманистон президентининг (меҳрли) назарига тушиб, менинг ҳаётимда катта ўзгаришлар содир бўлишига сабаб бўлган.
Китоб биология фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Оринбой Хасанов ва тасаввуфшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Ориф Усмонлар ёзган муқаддима билан бошланади.
Улар ўз сўзбошисида: Давр сиёсати, айрим раҳбарларнинг истаги ва фикрига қарши бориши ва натижада жабр ҳам чекиши, бир қараганда ибратли ҳол бўлиб туюлмасада, унинг бу ҳаракатлари Ҳақ ва ҳалқ манфати йўлида қилингани учун, жасаротли ибрат дейишга арзийди. Ахмад ҳожи Хоразмий қаерда, қайси соҳада ва қандай мансабда ишламасин, ўқиш, ўрганиш ва тадқиқот(илм)ни канда қилмайди. Бу эса унинг умри илмга бахшида, эканлигига исбот бўлаолади, деб таъкидлашади.
--------------------------------------------------------------------
                                       Т а н л а н г а н   а с а р л а р  
                                                            15–том

                                                  Олимнинг қисмати
                                                     (тарихий роман)


2013 йилда Лондонда самиздат шаклида нашр қилинган ва таниқли ёзувчи, адабиёт соҳасида ҳалқаро Махтимқули мукофоти лауреати Аннақули Нурмаммедов сўзбошиси билан бошланадиган ушбу 2 жилддан иборат бўлган китоб танланган асарлар 15-томининг асосини ташкил қилади.
 Бу роман уч йил давомида қатор интернет саифаларида нашр қилинди ва унга кўплаган шарҳлар ёзилди. 15-том 2015 ёзилган “Хизматга туҳмат ҳам қисмат” (ёхуд илм ва эр бахона, уй ва бойлик ғанимат) каби янги боблар билан тўлдирилди.


15-том сўзбоши, кириш, “Олимнинг аждодлари тарихидан”, “Олимнинг туғилиши ва ёшлиги”, “Мусофирликда”, “Олимнинг Африкага сафари”, “Хоразмда”, “Боғот совхозида”, “Турли вазифаларда”, “Хоразм фани ривожи учун”, “Саргардонликда”, “Тошкентга ҳижрат”, “Муҳожирликда”, “Хоразмни бирлаштириш йўлида”, “Ватандаги фарзандлар ҳаёти ҳақида”, “Хизматга туҳмат ҳам қисмат”, “Касалликлар билан курашиб”, “Олимнинг спорт ва санъатдаги фаолияти”, “Ислом ва саҳоватлар бобида”, “Тасаввуф ичра” каби 18 та бобдан  иборат.  
“Хулоса” қисмида: -“Ушбу китобга ёзилган сўзбошида ва унинг кириш қисмида, ушбу тарихий романни ёзишда муаллиф(А.Хоразмий)нинг “Илмга бахшида умр” номли мемуари асосий манба сифатида фойдаланганлиги таъкидланган. 
Шундай китоб асосида дунёга келган ушбу асар ҳам турли хил тортишув ва мунозараларга сабаб бўлиб, таъқибларга учраса ажабланмаслик керак, демоқчимиз. Лекин ҳақиқат жойида қарор топиб (ўша мемуарга ўхшаб) бу асар ҳам китобхонларнинг севиб ўқийдиган китобларидан бирига айланишига умид қиламиз”, деб таъкидланади.
---------------------------------------------------
                                          Т а н л а н г а н   а с а р л а р
                                                                    16–том

                                                  Ислом  асослари


Танланган асарларнинг 16-томи “Ислом асослари” деб номланади ва бу томга ўз қаламимизга доҳил бўлган: “Қуръони каримдан мухтасар сабоқлар”, “Ҳадиси шариф ўгиитлари”  ва “Тасаввуф ва тариқат ҳақида” каби қайта ишланган, тўлдирилган ва қатор интернет саҳифаларида ҳам чоп қилинган рисолалар асос қилиб олинди.


Шунингдек кейинги йилларда нашр қилинган “Тасаввуфга тош отманг”, “Хоразмий ибодати (тариқати) ҳақида”, “Тасаввуф ва Исломда муросага таклиф” каби мақолалар янги бўлим сифатида 16-томга киритилди.
Ислом дини тамаллари: -Эътиқод, амал, аҳлоқ ҳисобланади. Ислом (ёки Ислом шариати) Қуръони карим ва Ҳадиси шариф(сунна)га асосланган.
Бу 16-том кириш, дин ва Ислом ҳақида мухтасар, Қуръони каримдан мухтасар сабоқлар, Ҳадиси шариф ўгитлари, Тасаввуф ва тариқат ҳақида, Турли хил маълумотлар, каби бобларни ўз ичига олади
Бу том (китоб) асосан Ислом ва Тасаввуф ихлосмандлари ва ўрганувчилари учун қўлланма сифатида  мўлжалланган бўлиб, ундаги хато ва камчиликларни тузатиш ва китоб сифатини яхшилаш мақсадида муҳтарам китобхон томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар мамнуният билан қабул қилинади. 

 


                      Танланган асарлар муаллифи ҳақида мухтасар
Ахмад ҳожи Хоразмий, 1948 йилда Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятида туғилган. Отасининг авлодлари билан буюк шоир ва мутафаккир Махтимқули-Фироғийга, онасининг авлодлари  билан, буюк энциклопедик олим Муҳаммад Хоразмийга бирлашган. 
А.Хоразмий илм олишни 3 ёшидан, меҳнат фаолиятини 13 ёшидан бошлаган ва турли хил жойларда ва раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Хоразим ҳалқ депутати сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатган.


У дунёнинг турли мамлакатларида фаолият олиб борган ва турли хил тилларда агрохимия, тупроқшунослик, деҳқончилик, экология, дин, тасаввуф, тарих, сиёсат, спорт, адабиёт, таълим ва бошқа соҳалар муаммосига бағишланган 200 дан ортиқ мақолалар, 30 дан ортиқ китоб ва рисолалар ёзган.
Қишлоқ хўжалигида агрохимикатлар ишлатишни чеклаш орқали биосфера экологияси ва инсон саломатлигини яхшилаш ва тупроқ унумдорлигини кўтариш, ҳамда, Хоразмни бирлаштириш борасидаги ғояси ва сайи ҳаракатлари билан янада танилган.
Ахмад ҳожи Хоразмий қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар Академияси ва Ал-Хоразмий мукофотлари лауреати каби илмий даража ва унвонлар соҳиби. Ўзбекистон ва Туркманистон марказий матбуотида у “Хоразм фахри” деб тан олинган.  А.Хоразмий 9 та фарзанднинг отаси,  қатор набира ва эвараларларнинг суюкли бобоси ҳамдир.
У Қатор масжидлар, маҳалла маркази, бузрукларга мақбаралар қуриш, қабристонларни, ташландиқ ерларни обод қилиш каби қатор саҳоват ишларини амалга оширган.   А.Хоразмий Қуръони карим ва тасаввуф илми асосида:
                                                            Ризо керак – тағдирига,   
                                                 Шукур керак – бул кунига,
                                                 Сабр керак – қийинчиликка,   
                                                 Умид – керак яхши кунга.

Деган ўгитни ижод қилган ва у кўплаган одамлар учун дастури амалга айланиб улгурган. А.Хоразмий ҳақида 40 дан ортиқ мақолалар, радиоочерк ва телекўрсатувлар берилган. Унинг ёзган шеърлари ва у ҳақида ёзилган шеърлар телевидения,  тўй ва тадбирларда ашула сифатида куйланаяпти.
Ахмад ҳожи Хоразмийнинг юқоридаги мухтасар автобиографияси турли мамлакат ва тилларда таниқли олим ва қалам соҳиблари томонидан, турли хил СМИларда эълон қилинган материаллари асосида тайёрланган.            
Ношир

 


“Дунё ўзбеклари”  РЕДАКЦИЯ ПОЧТАСИДАН | 15.05.2015 06:24   БУ МАҚОЛА   62604 МАРТА ЎҚИЛДИ
                                Адамнинг асарлари ҳақида
Адам, профессор Ахмад ҳожи Хоразмий, турли хил йўналишларда ва тилларда кўплаган асарлар ёзган. Улардан айримлари турли хил мукофотлапрга сазавор бўлган. 
“Қуръони каримдан мухтасар сабоқлар” номли рисоласи қўлёзма ҳолидаёқ одамлар бир-биридан нусха олиб тарқалиб кетган. “Вакил” номли илмий-сатирик рисоласи ва “Илмга бахшида умр” номли мемуари том маънода бецеллерга айланганди.
Адам нашр қилинган асарлари ичидан энг яхшиларнини танлаб “Танланган асрарлар”ини нашр қилишга киришди ва бирнеча том(жилд)и нашрдан ҳам чиқди.
1, 4, 7, 10, 11, 12 ва 15 томларига ихлосмандлар кўп бўлаяпти. Айниқса, “Ислом асослари” деб аталувчи 16-томига талаб катталиги боис, у бирнеча тилларда  нашр қилинаяпти.
                                                                          Улуғбек  Хоразмий

 

Категория: Илму - фан | Добавил: Horazmiy (2015-08-04)
Просмотров: 1418 | Комментарии: 6 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 2
0  
2 Виктор Дьячков   (2015-08-05 2:51 AM) [Материал]
Ну даёщ Хорезмий.
Молодец, приучил нас как нада плодотворно работать.
Успехи вам дорогой.

0  
1 Horazmiy   (2015-08-05 2:45 AM) [Материал]
Яшанг Домла!
Қойил қилибсиз Танланган Асарларни.
Худо сизга узоқ умр берсин, сиз янги-янги асарлар ёзаверинг, биз уни ўқийверайлик
Шогирд

dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0