Дуонинг шарофати ҳақида
http://www.dunyouzbeklari.com/?p=185625#comment-49360
Дуо - арабчадан илтижо деган маънони билдириб, Аллоҳдан ўзи ёки бошқалар учун тилак тилаб илтижо қилишдир. Аллоҳ Қуръони каримда: «Менга дуо қилинглар - сизлар учун ижобат қиламан» деб марҳамат қилган. “Олтин олма, дуо ол!” деган мақол ҳам бекорга айтилмаган. Дуо қилишнинг ҳам ўз одоблари бор:
Дуохон А.Хоразмий
Арафа куни, рамазон ойи, Жума куни, саҳар чоғи кабилар дуо учун шарафли вақтлар ҳисобланади. Аллоҳ йўлидаги жиҳод пайтида, фарз намозларидан кейин, ёмғир ёғаётган пайтида, банданинг ўз Роббисига энг яқин бўлган пайти бўлмиш - сажда қилган холати дуо учун шарафли ҳолатлар ҳисобланади.
Дуо қалбан ва жисмонан пок ҳолатда, қиблага юзланиб, қўлларини очиб (кўтариб) содда тил ва чин кўнгилдан қилиниши керак. Дуонинг кучи аввало Аллоҳга, қолаверса дуо қилувчи(дуохон)нинг камолатига боғлиқ бўлади. Фаридиддин Атторнинг тазкират-ул Авлиё, Абдураҳмон Жомийнинг Нафоат-ул унс, Алишер Навоийнинг Насоим-ул муҳаббат ва шунга ўхшаган кўплаган китобларда улуғ шайхларнинг, камолатга етган азаимхонларнинг дуолари (албатта Аллоҳ ҳоҳиши билан) у ёки , бу даражада ижобат бўлиши ҳақида ёзилган.
Дуони ҳар бир одам қилавериши мумкин. Лекин, ҳақиқий (профнционал) дуохон (дуоси самара берадиган) бўлиш учун шариат талабларига қатъий риоя қиладиган, Қуръони карим, ҳадиси шариф каби мўътабар китоблардан хабардор, эътиқоди кучли одам бўлиб, камолга етгунча устоз раҳбарлиги ва назоратда чиллада ўтирган бўлиши керак.
Илми таскир китобида баён қилинишича, маълум бир фаришталар Қуръоннинг тегишли сура-ю, оятларига, пастда тилга олинадиган айрим дуоларга беркитилган бўлиб, уларни мақомига етказиб ўқиш билан, дуохон улардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиши мумкин бўлар экан. Дуо қилиш(ёзиш)да Қуръоннинг тегишли сура-ю оятларидан, қолаверса, тариқат пирлари, азиз авлиёлар, камолатга етган дуохонлар ижод қилган Дуои бузрук, Чил коф, Қахри кулл, Кимёйи саодат каби дуолардан фойдаланилади.
Дуохонларни айрим пайтларда “табиблар” деб аталадиган категориягада қўшишади. Чунки улар дуо ёрдамида айрим касалликларни ҳам даволашади. Ва шунингдек, айрим фолбинлар ҳам айрим руҳий касалларни даволашади ва ўзларини “табиб” деб аташни хуш кўришади. Бунинг сабаби, Исломда фолбинларга ишонган ва эътиқод қилганлар хуш кўрилмайди. Ҳатто фолбинлар лаънатланган (Анъом сураси, 128-оят) оятлар ҳам учрайди Қуръони каримда.
*
Хоразм воҳасида қувваи нафаси кучли деб тан олинган иккита одам(дуохон)ни мен шахсан биламан ва уларнинг дуосини олиш муяссар этган менга. Бириси Абдулла қори бўлиб, у раҳматлик менга Ислом(Қуръони карим)дан сабоқ берган биринчи устозим эди. У киши сўфийлик илмидан ҳам хабардор эди ва кароматлари зоҳир бўлганлигининг гувоҳи бўлган одамларнинг айримлари ҳозир ҳам ҳаёт. Қори бобо 1953 йилда вафот қилдилар.
Абдулла қори (Махсим бобо)
1950 йилларда бизнинг қишлоғимизда табиблик қиладиган иккита одам бор эди – бириси Қори бобо, иккинчиси раҳматлик отам эдилар. Отам фақат томоғига “тепки” деб аталадиган касал хуруж қилган болаларга қарар эдилар. Бошқа барчага (менга ҳам) Махсим бобо дуо қилиб дам солар эдилар. Махсим бобонинг олдига тепкили бола бориб қолса, “Буни босмачи бобонгизга оборинглар”, деб отамга йўллар эдилар.
Мен Қори бободан: “Нимага тепкили болаларни ҳам ўзингиз қарайвермайсиз?”, деб сўраганимда: -Сенинг отанг, Ислом ва Ватан озодлиги учун урушда, кофирларни яланғоч қўллари билан уриб ва бўғиб ўлдирган. Шу боис Аллоҳ унинг қўлларига шифо ҳислатини берган”, - дерди.
Жуда яхши эсимда, то 1965 йилларгача отамнинг олдига келадиган “тепки”ли болалар сони айрим кунлари 10-15 дан ошарди. Айрим одамларнинг: “Боламизни босмачи бобога обориб бўғдириб келамиз”, деганларининг ўзим кўп марта гувоҳи бўлганман.
Ёшироқ болалар, биринчи марта келганларида отамнинг “бўғиши”дан қўрқиб, додлай бошлардилар. Шундай пайтлари уларни отам бўғиб, дуо ўқиб, дам солгунича, ота-онаси ушлаб ўтирарди. Кейинлари бу болалар: “Босмачи бобо оғиртирмасдан бўғар экан”, деб додламайдиган бўлишган. Отам бу табиблигини 95 ёшигача давом қилдирган эдилар.
Хоразмдаги қувваи нафаси кучли деб танилган иккинчи дуохон - Нурилло қори бўлиб, у киши хонлик замонида, Полвон пир мадрасасида ўқиб, қориликка эришган Хоразм воҳасидаги охирги одам эди ва бир асрдан кўпроқ яшаб, 20-асрнинг охирларида вафот қилдилар. Унинг дуосидан фойда кўрганларнинг сон-саноғи йўқ эди. Аввало Худо, қолаверса Қори бобонинг дуоси сабаб, Оближраком раиси А.Искандаров (афсонавий раис И.Досовнинг ўртанчи ўғли), Президент И.Каримовнинг қамоғидан қутилиб қолган.
Нурилло қорининг кенжа ўғли, доцент Йўлдош Бобожонов билан яқин дўст эдик ва Урганч Университетида бирга ишладик. Шу ҳам сабаб, унинг отаси – Нурилло қори билан ҳам яқин бўлиб қолганман. Вилоятнинг кўп жойларидаги маъракаларга ўғли Йўлдош билан эмас, мен билан борарди. Балки шу ҳам сабаб, кўпчилик мени “Қори бобонинг ўғли”, дейишарди. Фан доктори, профессор бўлиб, вилоят миқёсидаги юқори лавозимларда ишласамда, айрим пайтлари, унинг ёнида ётиб қолиб, хизматини қилардим. Дуо қилиш ва дам солиш сирларини ундан ўрганиб, чиллада ўтирмаган бўлсамда, дуосини олганман.
У кишини Хоразм воҳасидаги нафақат раҳбарлар, ҳатто атеист Обком секретари М.Мирқосимовларни ҳам довдиратган, Сетирза пир каби таниқли эшон-хўжалар ҳам иззат қилишар эди. Маъракаларда у кишининг қўлини ювдириш учун навбатда туришарди. Хоразм ҳокими М.Жуманиёзов бор маъракаларда эса, Нурилло қорининг қўлини ювдириш ундан бошқага насиб қилмасди.
Синган ва чиққанлар бўйича ва бошқа касаллар бўйича ҳам табиблар бор. Бизнинг Боғот районда синган ва чиққанлар бўйича Нурмамат хўжа кўзга кўринган эди. Бошқа турли хил касаллар бўйича эса Ойимжон момо деб аталадиган 80 ёшли аёл танилган эди. Уларнинг ўз ишларида врачлардан устун эканлигининг ўзим гувоҳи бўлганман. Уларнинг ҳеч бири таҳоратсиз бировни мулоажа қилмас, таъмагирлик этмас эдилар. Мен бундай одамларни доим қўлимдан келганича молиявий ва бошқа жиҳатдан қўллаб-қувватлардим. Ўрни келганида айтсам, табиблик қилмаган бўлсам-да, мен буларнинг ҳаммасининг дуосини олганман.
*
Энди дуохонлик бўйича ўз бошимдан кечирганларимни очиқласам. 1990 йилларнинг бошида қайинонамни касалхонадан: “Қариб қолган, даволашдан фойда йўқ, қабрини таёрлайверинглар”, - деб уйига бериб юборишди. Бирнеча кун жон бераолмай қийналиб ётди бечора. Бундай пайтда “Ёсин” сурасини ўқиб дам солиш лозимлигини устозларим Абдулла қори ва Нурилло қори айтар эдилар. Мўътабар китобларда “Ёсин” сураси ажал қисмат бўлмаган бўлса, шифо сифатида, агар ажал қисмат бўлган бўлса, ёрдам сифатида таъсир қилиши ҳақида ҳам ривоятлар бор.
Ва ниҳоят, таҳоратни янгилаб, икки ракат нафл намозини ўқигандан кейин, ҳамманинг илтимосига биноан, уларнинг иштирогида, “Ёсин” сурасини ўқиб дам солабошладим қайинонамга. Биринчи “Ёсин”ни ўқиб дам солганимдан кейин қайнонам “воҳ-воҳ”лашдан тўхтади. Мендан бошқа ҳамманинг юзига умид табассуми югурди.
Иккинчи “Ёсин”ни ўқиб дам солганимдан кейин эса, нафас олиши секинлашаборди. Учинчи марта ”Ёсин”ни ўқиб дам солганимдан кейин, нафас олиши тўхтаб, кўзи бир нуқтага тикилиб қолди... Мен унинг кўзларини секин юмдириб, юзига рўмолини ёпиб қўйдим. Фарзандлари эса: “Ана, уйқуга кетди, энди тузалади”, деб қувонишабошлади. Унинг ўлганини менинг кўзларимдан ёш оқабошлаганидан кейингина фаҳмлашди.
Бу тафсилот, ёнига қўшиб-чатиб, бутун қишлоққа ёйилди. Бировлар ҳавас билан қараса, бировлар ҳадик билан қарар эдилар менга. Айрим тенгқурлари ўғлимга: “Сенинг отанг хафли одам эмиш, дуо ўқиса одам ўлар эмиш”, деган сўзларнида айтишган.
Шундан икки ойлар ўтиб “Маданият” қишлоғида истиқомат қиладиган таниқли табиб, Ойимжон момонинг ўғли келиб мени момо сўраётганини айтди. Момо мени ўз ўғлидан ҳам яхшироқ кўарарди. Мен узоқ йиллар унинг молиявий аҳволидан ҳам хабар олиб турдим. Ҳатто, мен танимайдиган айрим одамлар, момонинг олдига Хоразмийнинг узоқ қариндоши ёки танишимиз, деб ҳам боришар экан.
Момони врачлар: -“Куни битган бечоранинг, ҳатто унинг пири Ибн Сино ҳазратларигада охирида шифо таъсир қилмаган”, - дейишиб уйига бериб юборишган экан. Жуда қийналиб кетганидан кейин, “Ўғлим Ахмад ҳожини чақиринглар, менгада Ёсин ўқиб, дам солсин”, деб топширган экан ўғлига.
Мен кириб борганимда момонинг атрофида барча фарзандлари, набиралари, қўшнилари ўтиришган экан. Бутун бошли район аҳлига (Аллоҳ ҳоҳиши билан) шифо берган момонинг ўзи шифо сўраб ётганини кўриб, шифо қилишга ожиз эканлигим сабаб, ўзимни ниҳоятда фақир сездим.
Ўғли: “Ҳожи ака, момо қийналиб кетдилар, Ёсин ўқиб, дам солиб беринг”, деди. Мен ҳаммага бир-бир разм солдим. Барча ўтирганлар “ҳа шундай қилинг”, дегандай ишора қилдилар. Фақат момонинг қизи бошини ерга солганича, кўзларидан ёш оқизиб, боши билан “йўқ-йўқ”, деб ишора қилар эди.
-Ноумид шайтон, “Ёсин”ни эмас, бошқа сурани ўқиб дам соламиз, - дедим мен. Қизи “ялт” этиб менга қаради ва “барака топинг илоҳим”, деди кўзёшларини артиб. Мен Қуръони каримнинг “Фотаҳа” сурасини ўқиб дам солиб, ўнг қўлим билан момонинг бошини ва кўкрагини силаганимча: “Эй инсонлар Парвардигори, дардни кетказиб, шифо ато этгил, Сен шифо қилгувчисан. Сенинг шифоингдан бўлак шифо йўқ. Сен берган шифо ҳеч бир дардни қолдирмағай”, - деб дуо қилдим. Момо бироз енгиллашгандай кўринди бизга, кейин мен уйга кетдим.
Шу ўринда қуйидаги тушинтиришни қилиб ўтсак: Мўътабар китобларда Қуръоннинг кўпгина сура ва оятлари шифо эканлиги ҳақида маълумотлар келтирилган. Хусусан, “Фотаҳа” сураси кўплаган дардларга шифо экани қайд қилинган. Расулуллоҳ алайҳи вассалам ҳам Қуръон сураларини ўқиб, беморларга дам солиб, юқорида келтирилган дуони ўқиб, даволаганлари ҳақида ривоятлар бор. Яъни бу усул Пайғамбаримиздан суннат эканини таъкидламоқчиман.
Эртасига, яримкечага яқин, Ойимжон момонинг ўғли уйга яна келди ва: “Онамиз сизни сўраяптилар. Кечаги қилган дуоингизнинг кучи кўпга бормадими дейман, момо жуда қийналиб кетаяптилар”, деди. Буни ўзим ҳам билардим, ажали муқаррар бўлган беморларга шифо дуолари самара бермаслиги ҳақида мўтабар китобларда баён қилинган.
Табиб момо ўғлининг машинасида катта ўғлим Ойбек билан, ярим кечада етиб бордик момонинг олдига. Момонинг атрофида ҳар галгидай, фарзандлари ва набиралари, яқин қариндошлари жам эди. Бечора момо зўрға нафас олаётган эди. Аввало билгувчи Худо, қолаверса, 90 ёшдан ошиб, бир тутам суяк бўлиб қолган момонинг аҳволига кўзи тушган одам, унинг “Ёсин”сиз ҳам умри битганини тушиниши қийин эмасди.
Мен Қуръон ўқиб дуо қилмасдан олдин, момонинг атрофида ўтирган яқинларига, айниқса, кеча “Ёсин ўқиманг”, - деган қизига қарадим. У ҳам кўзида ёш билан: “Ҳожи ака, Ёсинингизни ўқийверинг, онам жуда қийналиб кетдилар”, - деди.
Мени бамисоли Худо юборган Азроил алейҳиссалом каби қабул қилишларидан жуда ғалати бўлиб кетдим. Бу одамлар менинг қўлимдан на бировнинг ўлишига, ё-да ўлмаслигига сабаб бўладиган нарса келмаслигини, менинг дам солиб қилган дуоимнинг самараси фақат ва фақат Аллоҳнинг қўлида эканлигини билишларини жуда-жуда истардим...
Ва ниҳоят, Ёсинни ўқиб дам солганимидан кейин, момонинг қийналиб олаётган нафаси енгиллашди. Атрофидагилар (шулар қатори мен ҳам) Ёсин шифо сифатида таъсир қилди шекилли, деган маънода бир-бирларига умидли қарадилар. “Ҳожи ака, яна бир Ёсин ўқинг, Худо хайрингизни берсин”, - деди момонинг қизи умид билан.
Мен Ёсинни ўқишни яна бошладим (83 оятдан иборат Ёсинни ўқишга 12-17 минутча вақт кетади). Ёсин охирига етмасдан, момонинг нафас олиши сезилмай қолди. Ёсинни тугатиб, момонинг оёғини ушлаб кўрсам, совиб бўлган экан. Қизи эса: “Ҳожи ака, дам солинг, дам солинг”, - деб қистарди мени. Мен унга қараб: “Дам солишга ҳожат қолмаган кўринади”, - дедим ва кўзимдан “дув” этиб ёш оқиб кетди.
Менинг “Дуохон-Азроил” сифатидаги овозам узоқ жойларгача етиб борган шекилли, яқин бир дўстим ўзининг узоғроқ куёвига “Ёсин” ўқишга олиб кетди мени. Бизга биринчи пешвоз чиққан одам “бемор”нинг хотини бўлди ва: “Ҳожи ота бунга тезроқ Ёсинингизни ўқиб дам солиб, “ёрдам” қилиб юбормасангиз, нафақат ўзини, бизни ҳам қийнаб юборди”, - деди.
Кириб қарасак, додлаб ётган “бемор” 35-40 ёшларидаги бир йигит экан. Икки кундан буён ўлаолмаётган бу “бемор”, қип-қизил наркоман бўлиб, уйининг шиферлари-ю, полларининг тахталаригача сотиб бўлган экан. Сотишга ҳеч нарсаси қолмаганидан, героин тополмай, ломкада додлаб ётган экан.
-Бунга Қуръондаги Ёсин таъсир қилмайди. Бунга жуда “ёрдам” қилмоқчи бўлсангизлар, ўша “дори”си(героини)дан сал кўпроқ берсангизлар, Ёсинга қараганида ҳам самаралироқ “ёрдам” қилади, - дедим. Шунда биринчи марта “Дуохонликни тўхтатиш керак шекилли”, деган фикр ўтди миямдан.
Кенжа укам Шокирнинг қайнотаси – Отажон ака, нафақага чиққанидан кейин касалланиб касалхонада ётди. Врачлар ҳарчанд ҳаракат қилмасин, давонинг самраси бўлмади. Ва ниҳоят, врачлар: “Отанинг куни битган кўринади, уйингизга олиб кетиб, жойи(қабри)ни таёрлайверинглар”, дейишибди.
Отажон ака уйида кўп кунлар қийналиб ётди, оғриқ қолдирувчи уколлар ҳам самара бермай қўйди. Укам ва келиним Тозагул мени отасига “Ёсин” ўқиб дам солишга қистай бошладилар. Мен эса: “Шундоғ ҳам Азроил лақабини олиб, одамларга ёмон кўринаяпман”, деган андишада, унга дам солмасликка ҳаракат қилдим.
Ва ниҳоят, барчанинг қистови билан, ярим кечада бордим. Отажон аканинг охирги дамларини олаётгани шундоғ кўриниб турарди. Атрофида эса барча қариндошлари, фарзандлари, набиралари ўтирарди. Барчаси: “Жуда қийналиб кетди бечора. Ёсинингизни ўқиб дам солаверинг, ҳожи ота”, - дейишди. Лекин бир-иккита набираси, норози бўлгандай кўринди менга. Менга шундай туюлгандир, деб эътибор қилмадим уларга.
Мен Ёсинни ўқиб дам солганимдан кейин, беморнинг қийналиши камайиб, юзида енгил тер пайдо бўлди. Бундай ҳолат, кўпинча дуонинг шифосидан белги деб ҳисобланади. Бунга мен қувондим, ва бошқаларнинг ҳам юзида шодлик аломати сезилди. Мен уйга кетдим, барча мени иззат ва эҳтиром билан кузатишди. Афсуски, эрталаб жанозага айтиб келишди...
Раҳматлик Отажон аканинг юқорида қайд қилинган бир-иккита набиралари менга нафрат билан қараётгандай туюлди менга. Мен бунинг сабабини билишга қизиқдим. Маълум бўлишича, улар: “Ҳожи ота дам солиб бизнинг бобомизни ўлдирди. Агар у Ёсин ўқиб дам солмаганида бобомиз ҳеч бўлмаса бир кун, боринг-ки бир соат кўпроқ яшарди”, - дейишибди.
Бу менга жуда қаттиқ таъсир қилди, ўзимни айбдор ҳис қилдим. Шундан кейин оғир беморларга Ёсин ўқиб дам солиш (дуохонлик) ишини, турли хил одамлар, такрор-такрор илтимос қилганларида ҳам, бошқа қилмадим.
“Ёсин” сурасини 40 марта (чилёсин) ўқиб, дам солса руҳий (ақлдан озган) касал одамларга ижобий таъсир қилиши кўп манбаларда қайд қилинган. Дуохонлар томонидан чилёсин ўқиб, беморларнинг шифо топиб, тузалиб кетганларининг ўзим ҳам бирнеча бор гувоҳи бўлганман.
Менинг иккинчи рафиқам, Гулистон ёшлигида руҳий касал бўлган ва уни бирнеча йил дуохон чилёсин ўқиб, қамчи билан уриб, дам солган, натижада анча тузалиб қолган. Гулистон турмушга чиқиб, фарзандли бўлганидан кейин, ёшлигидаги бу касали бўй кўрсатабошлади (суратда).
Г.Султонованинг касали қўзиганида
Шундай пайтлари мен унга чилёсин ўқиб, “жиннининг давоси калтак” деган мақол асосида, қамчи билан уриб, дам солардим. Буни оила аъзоларимиз-у, қўшниларгача билишар эди. Бу мулоажанинг самараси анча вақтга етарди. Зарурат бўлганида, бу мулоажани такрорлаб турардик. Шу тариқа, салкам 20 йил, чилёсин ва қамчи ёрдамида яшадик. Шу боис, қаерга (Тошкентгами, Қозоғистонгами, Англиягами) кетмайлик, “сеҳирли” қамчини (суратда) ўзимиз билан олиб юрардик.
Буюк Британияга келиб яшайбошлаганимиздан кейин, унинг касали бўй кўрсатабошлаганда қамчи билан уриб, чилёсин ўқишнинг имкони бўлмади. Чунки, бундай Исломий муложага рухсат қилинмайди атеистик давлатларда. Қамчи билан урмай ўқиб, солинган дам (дуо) эса самара бермади.
Бутун оила аъзоларимиз, унга докторга кўринишини маслаҳат бердик. Уни докторга боришга рози қилиш ҳақида Гулистоннинг Хоразмдаги отаси ва яқинларигада хабар қилиб, илтимос қилганман. Бу ҳақда, ҳатто доктор(А.Гилман)га ўзим ҳам илтимос қилдим. Доктор эса, олиб келинг, даволаймиз, деди.
"Сеҳрли" қамчи
Гулистон эса: “Мен докторга борсам мени жинни сифатида учетга олади”, - деб докторга кўринишдан бош тортди. Натижада, бу касали кучайиши сабаб, оиламиз бузилди...
Аввал айтганим, Ёсин сурасини ўқиб дам солишни ҳамма ҳам эплай олмайди. Ёсин сураси 83 оятдан иборат, ҳатто уни мадраса битирган имомларнинг ҳам кўпи ёддан тўлиқ билмайди. Бунинг устига, дуохонликнинг ўз талаблари ва тартиб-қоидалари бор.
2000 йилларнинг бошларида, қўшнимиз Шоназар аканинг кенжа ўғли Пўлат руҳий касалга чалинди. Врачларнинг давоси ва ўзларини “табиб” деб атайдиган фолбинларнинг “ўқишлари” самара бермади шекилли, чилёсин ўқийдиган дуохон қидирабошлади Шоназар ака.
Эслашимча, бизнинг Боғот районида йўқ эди чилёсин ўқиб дам соладиган дуохон. Шоназар аканинг мактабдош дўсти Латифжон эшон рози бўлибди, унинг ўғли Пўлатга чилёсин ўқиб дам солишга.
Латифжон эшон медицина фанлари номзоди эди. Узоқ йиллар марказий тиш поликленикаси бош врачи бўлиб ишлади. Боғот районида, бундан бирнеча аср олдин яшаб ўтган “Одина эшон” номли машҳур, кароматлари зохир бўлган эшонларнинг авлодларидан эди.
Шоназар ака менинг яқин қўшним, Латифжон ака билан дўстлигимиз борлиги боис, Латифжон аканинг чилёсин ўқиган айрим кунлари мен ҳам бор эдим унинг ёнида.
Дуохон (Латифжон ака) Ёсин сурасини ўқиш жараёнида, айрим оятларини эсидан чиқарар, натижада Китоб(Қуръони карим)ни очиб, ўқишни давом қилдирарди. Ёсинни (ва шунингдек барча дуоларни) ўқиш шартларидан бири эса, уни китобга ёки қоғозга қараб эмас, ёддан ўқиш ҳисобланади. Айрим пайтлари, Ёсинни ўқиш жараёнида, Латифжон ака терлаб кетар ва “менга оғирлик қилаяпти”, деб тўхтатиб қўярди.
Шу тариқа, Латифжон ака бу муложани бекамакўст ва тўлиқ тугатаолмади. Латифжон эшон, дўсти Шоназар акадан узр тилаб, кетиб қолди.
Кейин, Шоназар ака чилёсин ўқийдиган бошқа дуохон топдими, бунисидан хабарим бўлмади. Шоназар аканинг ўғли Пўлат маълум вақтдан кейин аста-секин тузалиб кетди.
*
Ҳадисларда қайд қилинишича, Расулуллоҳ салалоҳу алейҳи вассалам одамларга ва ўзига ҳам Қуръони каримнинг “Ихлос”, “Фалақ”, “Нос” сураларини ўқиб дам солиб дуохонлик қилар эканлар. Шу суннат асосида, мен айрим пайтлари ўз фарзандларимга ҳам дуохонлик қилган пайтларим бўлган.
Нафосат қизим ёшлигидан иммунитети пастлиги учунми, касалвандироқ бўлди. Кечалари айрим пайтлари ухлай олмас, ухласада, тез-тез босирниқиб турарди. Шундай пайтлари мен унга “Ихлос”, “Фалақ”, “Нос” сураларини ўқиб дам солардим. Айрим пайтлари ярим кечадан кейин, босирниқиб турса, мени ухлаб ётган жойимдан уйғотиб: “Ада менга ўқиб, дам солинг”, деб келарди.
Кенжа қизимнинг эпилепцияси бор эди. Уни тутқаноғи (эпилепцияси) тутабошласа мен унгада Қуръон ўқиб дам солардим. Рафиқамнинг айтишига қараганда, мен дам солганимдан кейин, унинг тутқаноғи анча енгил ўтар экан. Мен қилган дуоларим ҳамма вақт ҳам самара беравермасди. Лекин, озми-кўпми самара берган вақтлари кўпроқ эди чамамда.
*
2018 йилгача ўзимга нисбатан дуохонлик қилмаганман. Бирнеча марта инфаркка учраб, юрагимда операция ўтказилиб, юрагим ногирон бўлиб қолди. 2018 йил июнь ойида юрагимнинг аҳволи оғирлашгани сабаб, мени рентгенга туширишди (суратда).
Юракни рентгенга тушириб
Маълум бўлишича, юракни қон билан таъминлайдиган томир тиқилиб, юрагимнинг ярми ишламай қолган экан. Доктор Н.Малик бошлиқ врачлар консилиуми кўкрак қафасимни очиб, юрагимда катта операция ўтказиш қарорига келишган.
Бу қарор бўйича мени хабардор қилиб, 70 ёшли одам(мен)нинг ногирон юрагида ўтказиладиган бу операциянининг самараси, ҳатто 50% гада етмаслиги мумкин, деб менинг розилигимни олишди ва операция 21-сентябрга белгиланди.
Кўпчилик таниш билишлар, ҳатто Канададаги дўстимиз, таниқли журналист ва шоир И Хушев ҳам: “Операцияга рози бўлманг!”, деб маслаҳат беришди. Лекин, мен Аллоҳга тавакал қилиб бўлган эдим. Шу боис, “Ризо керак – тағдирига”, деб “Дунё ўзбеклари” ва YouTube (https://youtu.be/9_bHNtJEmGw) орқали ҳаммалар билан видолашдим ҳам. Бу видолашув нутқимга кўплаган муносабатлар билдирилди ва улар менга Аллоҳдан шифо тиладилар, Худо рози бўлсин улардан.
Шу кундан бошлаб, ҳар куни, тариқат ибодатимнинг интиҳосида, Қуръони каримнинг Фотаҳа сурасини, улуғ шайх Абдулқодир Гилоний р.а. томонидан ижод қилинган “Чил коф” дуосини ўқиб, юрагимнинг устига ва қўлларимга дам солиб, ўнг қўлим билан юрагимнинг устини: “Асҳаб-ил бас, Раб ун-нос вашфий, анташ-шофий ло шифо илло шифоука, шифо ло йўғадур суқман” деб силаб, дуо қилиб юрдим.
Ҳафталар ўтиб, операция яқинлашган сари, докторларнинг башорати бўйича, юрагимнинг аҳволи оғирлашабориши керак эди. Аксинча, оғирлашиши ўрнига, юрагимнинг аҳволи яхшиланабораётганини сездим. Лекин, буни ўзимча руҳий (умидли) ҳолатим билан боғлиқ бўлса керак, деб йўримладим.
Ва ниҳоят, “Ризо керак – тағдирига” деб, барча “таёргарлигим”ни кўриб, 21-сентябрь 2018 йилда, Буюк Британиянинг етакчи марказларидан бири бўлган, Манчестер қироллик касалхонасининг Юрак марказига бориб, Калимаи шаҳодатни келтирганимча, операция столига ётдим.
Операцияни ўзини Ал-Хоразмийнинг эвараларидан деб ҳисоблайдиган, етакчи кардиохирург, доктор Ҳасан Боғдодий ўз жамоаси билан қиладиган бўлди. Менга ухлатадиган укол уриб кўкрак қафасимни очишдан олдин, юрагимни тегишли апаратларга улаб, кардиограмма қилишди ва барча ёқа ушлаб қолишди.
Апаратларнинг ва кардиограмманинг кўрсатишича, юрагимнинг ишламай қолган ярми, ишлайбошлаган. Бу мўъжизага Юрак Марказидаги барча етакчи кардиологлар ҳам етиб келишди ва врачлар консилиуми бошланди.
Консилиум аъзоларининг бир қисми, буни операция столидан турғизиб, юрагини махсус датчикка улаб, уйига жўнатиш керак деса, янабир қисми – кўкрак қафасини очмасдан, чап қўли томири орқали махсус трубалар билан юрагига бориб, бу мўъжизанинг сабабини ўрганиш керак, деган хулосага келишди.
Кейинги таклифнинг тарафдорлари кўпчиликни ташкил қилди ва бу борада менинг розилигимни сўрашди. Ўзим тадқиқотчи-олим эканим ва бу операция врачларни ёқа ушлатган мўъжизанинг сабабини баён қилишига умид қилиб, мен операцияга рози бўлдим.
Чап қўлим томиридан турли хил трубалар-у, симларни тиқиб, юрагимнинг орқа томонига бориб қарашса, бирнеча ой олдин томирдаги тиқилиб қолган жойи очилган экан. Натижада, юракнинг ишламай қолган қисмигада қон ўтиб, у ишлайбошлаган. Буни экранда нафақат врачлар, ҳатто мен ҳам кўриб ётардим.
Мени операция қилиб ҳам, бу мўъжизанинг сабабини очаолмадилар. Врачлар консилиуми бир тарафи у деса, бошқа тарафи бу, дерди. Консилиум етакчиси консултант-кардиолог Н.Малик ва етакчи кардиохирург Ҳ.Боғдодийларнинг осмон(Аллоҳ)га ишора қилиб: “Манабу факторнида эътибордан соқит қилманглар”, деганини, консилиумда атеистлар кўпчиликни ташкил қилгани сабаб, ҳисобга олмадилар.
Шу тариқа, бу мўъжизанинг сабабини кардиолог олим-врачлар билаолмадилар. Операция қилдириб, менинг кўрган озорим қолди холос.
Менинг фикримча, тиқилиб қолган томирнинг ўз-ўзидан очилиб кетиш мўъжизаси қуйидаги иккита ҳолат билан боғлиқ эди:
Биринчиси - ҳар куни, тариқат ибодатимнинг интиҳосида, Қуръони каримнинг Фотаҳа сурасини ва “Чил коф” дуосини ўқиб, юрагимнинг устига ва қўлларимга дам солиб, юрагимни силаб, шифо тилаб дуо қилганларим бўлса;
Иккинчиси – Видолашув сўзимнинг YouTubе ва “Дунё ўзбеклари”да нашр қилиниши натижасида, Қуръони каримдаги “Кўпнинг дуоси ижобат бўлғусидир” дейилгани асосида, одамларнинг менга шифо тилаб қилган дуоларидир.
*
Ва шунингдек, мўътабар китобларда “Дуои бузруг”, Шайхул-акбар Баёзид Бистомий р.а. ижод қилган “Кимёи саодат” каби дуоларни тегишли вақтда ва ададларда ўқиб юриш орқали ғайб ва ладуний илмлардан насиба олиш мумкинлиги ҳам баён қилинган.
Қурони каримнинг “Фалақ”, “Нос”, Анъом сурасидаги, 115 оятни, “Қаҳри кул” дуоларини тегишли ададларда ўқилса, турли хил ёмон инсу-жинслардан, бало-қазолардан сақланишга ёрдами тегиши ҳам айтилган манбаларда.
Саҳиҳ ҳадисларда Пайғамбаримиз салалоҳу алайҳи вассалам Қуръони каримдаги “Фалақ”, “Нос” сураларини ўқиб, ўзларига дам солганлари ҳақида ҳам ривоятлар келтирилган.
Юқорида айтилган сура, оят ва дуоларни мен ҳам доимо ўқиб, дуо қилиб юраман. Булардан маълум самаралар келаётганини ҳам сезаман. Аллоҳ баракотини берсин илоҳим.
Профессор Ахмад ҳожи Хоразмий Буюк Британия, Стокпорт шаҳри, 2018.
Шарҳлар
Шахсий фикр
10/18/2018 at 3:43 AM
Домлага катта рахмат ажойиб маколалари учун. Куръони-Каримни укиш куп касалликларга шифо беради. Купгина касалликлар инсон хулк-атворидан, узини хар хил гунох ишлардан узок тутмаганлигидан келиб чикади. Исломда жинлар инсон жисмига кириши, оекдан тортиб миягача булган аъзоларга таъсир курсата олиши тан олинади. Кимки узини покиза тутиб, гунохлардан узоклашиб, исломий фарзларни килиб юрса жинлар киришига тусик куяди. Шуни хам айтиб утиш керакки, шайтоннинг макрлари куп, исломга хос иш килаяпман деб шайтонни турига тушиб колиш хам мумкин. Бизда кенг таркалган “чиллага кириши” тугрисида Ютубда Суданлик Шайх Хамиднинг видеоси бор, бу видео “Собик суфийнинг товбаси” (признание бывшего суфиста),–деб аталади.Шайх Хамид уз бошидан утган вакеалар, чиллага кандай кирилади, караматларларни амалга оширишда жинлар кандай роль уйнаши хакида гапирган. Менда суфийларга нисбатан хеч канака гараз йук, факат иблисни домига тушиб колиш хатари хакида айтмокчиман.
Мухбир
10/18/2018 at 9:36 PM
Кейинги бирнеча асрда дуоси ижлбат бўладиган одам ҳақида эшитмагандик. Балки бу ҳақда атеистлар сиёсати сабаб ёзилмагандир.
Манашу сайтда Таваккал Қодировга ҳам ҳазрати "Ёсин" ўқилгани ҳақида ёзилганди.
Ва ниҳоят, бизнинг замонимизда ҳам бор экану дуоси самара берадиган одамлар. Мана, домла Хоразмийнинг дуолари ижобат бўлибди-ку.
Дуо самарали бўлиши учун, дуохон нафақат иймон ва эътиқодли, ва шунингдек тегишли (айниқса диний) илмларгада эга бўлиши керак экан.
Samandar
11/18/2018 at 8:28 AM
Дуоларнинг қудрати фактлар асосида баён қилинибди, раҳмат муаллифга.
Домла суратидан пири муршид(Шайх)ларга ўхшар эканлар. Дуонинг нафақат амилиётини, назариясини ҳам чуқур билар эканлар.
Отаси ҳам дуохон-табиб, устозлари эса дуохон-қори бўлишган экан. Бундай одамларнинг дуоси ижобат бўлади-да энди.
|