Исломнинг “Аҳмадия” жамоати ҳақида билганларим
Мозийдан маълумки, дин, сиёсат, экология каби омиллар тўғри ва самарали йўлда бўлса, табиат ва жамят ривожланади, гуллаб яшнайди. Акс ҳолда, дунё инқирозга юз тутади.
Сиёсат маълум бир давлат, ҳалқаро миқёсда эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти каби ҳалқаро ташкилотлар қонунлари ва йўриқларига озми-кўпми бўйсунади. Афсуски диний масалаларда буни айтиб бўлмайди. Натижада бош-бошдоқлик, қарама-қаршиликлар натижасида вайронагарчиликлар, қон тўкилишлар давом қилаяпти.
Уламо, олим ва сиёсатчилар бу глобал муаммога ечим топиш борасида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат олиб боришмаяпти. Ёки, бу борадаги ҳаракатлари етарли эмаслиги боис, самара бермаяпти.
Мутахасислигим бўйича диншунос эмасман, бироқ ёшлигимдан турли хил динларга қизиқаман. Қайси динга мансуб бўлишидан қатъий назар, мени кўпроқ янги ва тез ривожланаётган динлар (тўғрироғи диний жамоалар) қизиқтиради.
Исломдаги шундай жамоалардан бири “Аҳмадия” жамоатидир. Мен бу жамоат ҳақида озми-кўпми эшитгандим ва ўқигандим. Лекин бу жамоат фаоллари ва уларнинг ибодатлари билан яқинроқдан танишиш бахтига яқинда муяссар бўлдим.
Сурат-1. “Аҳмадия” жамоатининг раҳбарлари
“Аҳмадия” жамоатига 1899 йилда Ҳазрат Мирзо Ғулом Аҳмад Қодиёний томонидан асос солинган. Мирзо Ғулом Аҳмад 13-февраль 1835 йилда Ҳиндистоннинг Қодиён шаҳарчасида туғилиб, 26-май 1908 йилда Покистоннинг Лаҳор шаҳрида оламдан ўтган.
Аллоҳ уни барча динлар учун юборган (ваъда қилинган) Масиҳ эканлигини ва шунингдек, Муҳаммад САВнинг издоши - Ислом реформатори Имом Мадҳий аслейҳиссалом (Пайғамбар) эканлигини айтиб, унинг 19-асрда келишини шахсан Раулуллоҳ САВ башорат қилганини расман эълон қилган.
Қуръон ва Ҳадисдаги: “Муҳаммад САВ охирги Пайғамбардир”, деган сўзлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтган. Ва шунингдек, мўътабар китобларда таъкидланган охирзамон яқинлашганда келадиган Масиҳ (Исо алейҳиссаалом) ва Имом Мадҳий аслида битта одам, у ҳам менман, деб эълон қилган.
Шундан кейин у Ислом уламолари ва Ислом мамлакатлари раҳбарлари томонидан қаттиқ таъқибга учраган. Ислом уламолари томонидан Мирзо Ғулом Қодёний ва унинг “Аҳмадия” жамоати “Исломдан чиққан, Кофир!” деб эълон қилинган.
Шу билан бирга бу жамоатнинг сафлари ва молиявий имкониятлари йилдан йилга ошиб борган. Дунёнинг кўплаган мамлакатларида “Аҳмадия” жамоасининг бўлимлари ва масжидлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг сафларида Нобел мукофоти лауреати Абдус Салом, профессор Зафулла Хон каби таниқли олимлар, ишбилармонлар, сиёсатчиларнинг ҳам борлиги “Аҳмадия” нуфузининг ошишига сабаб бўлмоқда. Айрим таниқли одамлар: “Аҳмадият – Ислом уйғонишидир!” деб аташган.
Сурат-2. “Аҳмадия” жамоатининг байроғи
Уларнинг эътиқоди бўйича: -жамоат асосчиси туғилган Қодиён шаҳарчаси ҳам Макка ва Мадина каби мўътабар жой ҳисобланади. Уларнинг ишониши бўйича Муҳаммад САВ Исо алейҳиссаломдан буюкроқ. Шундай бир ҳолатда Муҳаммад САВ ерга кўмилиб, Исо алейҳиссалом осмонга кўтарилаолмайди, бу хато тушинча. Исо алейҳиссалом ўз ажали билан, қариб ўлган ва Кашмирда дафн қилинган. Уларнинг асосий шиори: “Ҳаммани севиш, ҳечкимдан нафратланиш».
“Аҳмадия” жамоаси нашрларида қайд қилинишига қараганда Мирзо Ғулом Аҳмад Қуръони каримнимнг “Фотиҳа” сурасини айрича таржима ва тафсир қилган. Бу жамоат нашр қиладиган Қуръонларда бу сура ҳозиргача унинг таржимаси бўйича нашр қилинади (сурат-3.)
“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийим” калимаси ҳамма ерда бир хил: “Меҳрибон ва Раҳимли Аллоҳ номи билан” деб таржима қилинади. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Уларнинг ўзбекчага қилган таржимасида арабча матнда умуман йўқ сўзлар келтирилган. Аллоҳнинг “Меҳрибон” деган номи эса умуман тушириб қолдирилган. Учинчи оятдаги “Аллоҳ меҳрибон ва раҳимлидир” деган оят таржимаси ҳам юқоридаги каби. Бундай таржимага биронта изоҳ берилмаган.
Сурат-3. “Аҳмадия” жамоати нашр қилган Қуръони каримнинг “Фотиҳа” сураси таржимаси
Агар изоҳ сўрасангиз, “Пайғамбарларнинг айтган ва қилган ишлари изоҳ талаб қилмайди”, деб жавоб беришади.
2018 йил май ойида асли Қозоғистонлик, “Аҳмадия” жамоатининг фаолларидан бўлган танишимнинг илтимосига биноан, Ахмадия жамоатининг Манчестердаги Дарул-Аман масжидига бордим.
Лондондаги “Аҳмадия” жамоати раҳбарияти менинг боришимни масжид имомига тайинлаган экан чамамда, мени катта иззат билан кутиб олишди. Менинг ижод фаолиятимни яхшига ўрганишган шекилли, менинг “Қуръони каримдан мухтасар сабоқлар”, “Ҳадиси шариф ўгитлари”, “Тасаввуф ва тариқат ҳақида”, “Ислом асослари” китобларимни ўқишгани ҳақида гапириб, Ҳадисдаги: “Одамни ўз олдида мақташ макруҳдир”, деганига қарамасдан, мени кўкларга кўтариб мақташди ҳам. Мен масжид имоми ва фаоллари билан ярим кечасигача тўхтовсиз суҳбатлашдим.
Масжид имоми ва “Аҳмадия” жамоти Лондондаги раҳбарияти аъзолари мени ўзларининг жамоасида кўришларини жуда ҳоҳлашларини яширишмади. Нобел мукофоти лауреати Абдус Салом, профессор Зафулла Хон каби таниқли олимлар қатори мен ҳам бу жамоатга аъзо бўлсам, жамоатнинг обрўси ва нуфузи янада ошишини таъкидлашди.
Албатта, мен жамоага аъзо бўлиш учун эмас, динлар тадқиқотчиси ўлароқ бу жамоат фаолияти билан яқинроқдан танишмоқчилигимни айтдим. Аср намозини масжидда, имом аҳбарлигида, жамоат билан адо этдик. Мен қилаётган Ҳанафия мазҳабидаги ибодатдан бирон фарқини сезмадим.
Лекин шом ва хуфтон (иша) намозларини бир азон ва икки такбир билан (хуфтон намозини каср қилиб) қўшиб ўқидик. Бу намоз менга Ҳажга борганимдаги Муздалифа майдонидаги ўқиган намозимни эслатди.
Намоздан кейин мен имомга юзланиб:
-Бу қанақа ибодат, намозни қайси мазҳабда ўқидик?, - деб сўрадим. Имоб бўлса:
-Жиҳод пайтида шом билан хуфтон қўшиб ўқилади. Биз(Аҳмадия)нинг ҳар кунимиз жиҳоддан иборат, - деди. Мен индамадим, уйга келганимдан кейин шомни ҳам, хуфтонни ҳам қазо қилиб, бошқадан ўқидим.
Юқорида таъкидлаганим, бу масжид имоми бошлиқ фаоллар ва “Аҳмадия” жамоати Лондондаги бош идораси айрим фаоллари билан ярим кечасигача қизғин суҳбат ва мунозаралар қилдик.
Сурат-4. Ўртада Дарул-Аман масжиди имоми ва мен, икки четда – Лондондаги “Аҳмадия” жамоати фаоллари. Манчестер-2018.
Мен берган саволларнинг биронтасигада жўяли жавоб бериша олмади. Пайғамбарлик Муҳаммад САВ билан тугагани ҳақидаги мен келтирган далиллар, айниқса, Қуръони карим Фотиҳа сураси таржимасида йўл қўйилган қўпол хатолар уларни мутлоқа довдиратиб қўйган эди.
Мен бу жамоат аъзоси бўлмасамда, мени ҳар куни махсус машинада масжидга олиб келиш, Лондондаги раҳбарият кенгаши таркибига киритиш ва бошқа қатор ваъдалар беришган бўлсада, мен билан алоқани узишди. Кейин маълум бўлишича, бу жамоат кенгаши менинг улар билан қилган мунозараларим асосида “Ундан узоқ юринглар. Жамоатнинг аъзолари унинг таъсирида жамоатни тарк қилишлари мумкин”, дейишган экан...
* *
Бошқа дин тарғиботчилари билан, бундан 10-12 йил олдин юқоридагига ўхшаган ҳодиса содир бўлганди. Бу ҳақда эса менинг Пайғамбар (63) ёшим муносабати билан, таниқли олим ва ижодкорлар имзоси билан, бирнеча тилларда ва мамлакатларда нашр қилинган “Профессор Ахмад ҳожи Хоразмий – Пайғамбар (63) ёшда, ёхуд, Исломдаги 60 йил” номли мақоладан айрим эпизодларини қуйида айнан келтиришни лозим деб топдим.
2006 йили Хоразмийнинг Стокпорт(буюк Британия)даги уйига бир гурух диний миссионерлар ташриф буюради. А.Хоразмийнинг Исломда китоблар ёзган эътиқодли диндор ва йирик олим эканлигини билишгач, уларнинг Хоразмийга бўлган қизиқиши янада ортади.
Улар ўз қўл интернетларидан Ўзбекистон, Эрон ҳатто Арабистондаги айрим таниқли мусулмонларнинг ҳам Исломни тарк қилиб, булар(Тангри шоҳидлари)нинг динига ўтганлигини кўрсатиб , Аллохни таниш ва Унга яқинлашиш учунги энг тўғри дин буларники эканлигини, шу боис ҳам бу динга эътиқод қилувчилар сони дунё бўйича кескин ошиб бораётганини, куйиб-пишиб тушинтиришади.
А.Хоразмий уларга: “Сизлар 60-70 ёшга кириб Аллохни энди таниётган бўлсангиз, мен Уни туғилган кунимоқ эшитиб (қулоғимга Азон айтилиб), 3 ёшимда таниганман”, деса, улар буни ҳазил деган ҳаёлда: “Аллох(Иегова)ни таниш учун унинг китобларини, яъни банабу(Инжил)ни ўқиш лозим”, дейишади гердайиб.
Шунда А.Хоразмий, Инжилда қайд қилинган, эрамиздан олдинги 1513 йилда, Мусо алейҳиссалом томонидан чўлда ёзилган «Genesis» (Ибтидо) китобидан тортиб, 96 йилда Ийсо алейҳиссаломнинг фаворийси (ёрдамчиси) Иоанн томонидан,
Патмосда ёзилган «Revelation» (Очилиш) китобигача бўлган 66 та китобни инглиз тилида, бирма-бир санаб, ҳар бир китобнинг мазмунини ёдаки айтиб беради.
Бундан уларнинг эси оғишига сал қолади ва махсус дастур (Инжил аслида нимани ўргатади?) бўйича Инжилни ўрганувчилар (Тангри шоҳидлари) таркибида буларнинг машғулотига қатнашишни Аллох (Иегова) ва Ийсо алейҳиссалом (Иисус) номи билан қаттиқ илтимос қилишади.
Дунё Тангри шоҳидларининг Нью Йоркдаги бош идораси (рахбарияти) топшириғига биноан А.Хоразмийга алоҳида эътибор қаратишади. Инжилда қайд қилинган: “Улар тангрининг маънавий ўғиллари сифатида қайта туғилган” (1-Петр 1:23) ва Ийсо алейҳиссалом ерга тушиб салтанатни бошқаришида иштирок қиладиган 144000 (Луки 12:32) муқаддас насронийлардан бири ҳисобланмиш Бобби Грин Инжилни ўрганиш бўйича А.Хоразмий билан шахсан шуғулланади.
Сурат-5. Профессор А.Хоразмий Тангри шоҳидлари халқаро Конгресида маъруза ўқиш жараёнида-2008
1,5 – 2 йил ичида профессор А.Хоразмий Тангри шоҳидлари ҳалқаро Конгрессларида: “Дин (Инжил) ҳақиқатлари ва унинг инсоният ҳаётидаги ўрни”, борасида маърузалар ўқий бошлайди (5-сурат). Бундан эса Тангри шоҳидлари раҳбариятининг боши осмонга етади ва уни топганларга ва у билан шуғулланганларга мукофотлар беришади.
Дунё динлари бўйича таниқли олим, доктор Смит Робинсон (Smith Robinson) ҳафтасига 2-3 кун Хоразмийнинг уйига келиб Инжил ва Қуръон ҳақиқатлари бўйича дарс ўтабошлайди. Қизиғи шундаки, бу олим ҳар дарсни: “Инжил Қуръондан афзалроқ”, деган хулоса билан якунлашга ҳаракат қилади. Бироқ Қуръонни яхши билмаслигидан доимо изза бўлиб қолади.
Профессор Хоразмий доктор Смитга: “Сиз менга Инжил ҳақиқатлари бўйича дарс ўтинг, мен сизга Қуръон ҳақиқатлари бўйича дарс ўтай. Шунда икаламиз ҳам фойда кўрамиз”, деб таклиф қилади. Смит бу таклифни қабул қилади ва профессор А.Хоразмийнинг маърузалари таъсирида доктор Смитнинг Қуръонга қизиқиши ва эътиқоди кундан-кунга ошиб боради (6-сурат).
Бора-бора Смит Инжилдан дарс ўтишни бас қилиб фақат Қуръон ва Ҳадис ўрганишга ўтади. Кейинчалик шариат аҳкомлари ва намоз ўқишга қизиқа бошлайди. Тангри шоҳидлари йиғилишларига бормай қўяди.
Кўп ўтмай доктор Смит ичимликни ва ноҳалол нарсаларни ейишни мутлоқа ташлаб Исломни қабул қилади ва 5 вақт намоз ўқишда бардавом бўлади. Жума намозини эса бирон марта канда қилмайди. Унинг носоғлом турмуш тарзи учун ташлаб кетган хотини унинг олдига қайтади.
Сурат-6. Доктор Смит ва профессор Хоразмий Инжил ва Қуръон мутоаласида - Стокпорт
Шундан кейин Хоразмий Қуръони карим, Ислом ва мўминларнинг афзалликлари ва Тангри шоҳидларининг камчиликлари ҳақида: “Иегова (Тангри) шоҳидлари ҳақида билганларим”, номли катта илмий-тахлилий мақола эълон қилади. Бу мақола Тангри шоҳидлари рахбариятини оёққа турғузиб юборади.
Шундан кейин улар: “Пофессор Хоразмий фақат дунё динлари билимдони бўлган олимгина эмас, мана, у КГБнинг полковниги ҳам экан. У, шайх Муҳаммад ниқоби остида Муҳаммад ибн Абдул Ваҳҳобнинг ёнида юриб Исломни ичидан бузишга қаратилган радикал “Ваҳҳобийлик”нинг пайдо бўлишида муҳим роль ўйнаган, инглиз разведкачиси доктор Хамперга ўхшаб, бизнинг динимизни бузиш учун юборилган экан”, деб жон сақлашади… (иқтибос тугади).
* *
Расулуллоҳ САВ: “Насролар 72 тоифага бўлиндилар, булардан фақат биттаси нажот топгучилардир. Сиз(мусулмон)лар эса 73 тоипага бўлинадилар, шулардан биттаси нажот топгувчи, бошқаси ботилдир”, - деганлар.
Шунда саҳобалар: “Ўша нажот топадигани қайси биридир,” – деб сўрашганида, Расуллилоҳ САВ: “Нажот топадиганлари Аллоҳнинг китобига ва унинг Расули(суннат)га эргашадиганларидир”, - деб жавоб берган эканлар.
Мен турли динлардаги, турли жамоа(мазҳаб)лар фаолияти билан қизиққан бир тадқиқотчи ўлароқ, айтишим мумкинки, Насролардаги 72 тоифанинг ва Исломдаги 73 (ва шунингдек бошқа динлардаги) тоифаларнинг барчаси (ёки ҳар биттаси) “Аллоҳнинг китобига ва Расуллуллоҳ суннатига эргашганлар айнан биз бўламиз”, деб даъво қилишади ва бу борада кўплаб оят ва ҳадислар келтиришади.
Менинг фикримча, бу масалада Жалоладдин Румий каби дин ва тасаввуф илми алломаларининг: «Уларнинг барчаси ҳам Аллоҳни мақсад қилгани боис ўзича тўғри. Албатта, тўғрисини билгувчи фақат Аллоҳдир. Расулуллоҳ САВнинг: “Динга чуқур кирмангиз, ундан чиқиб кетишингиз мумкин”, дегани асосида бу борада тортишмаслик керак” деб берган маслаҳати энг маъқул ва мўътадил йўл.
Имкониятдан фойдаланиб айтмочиманки, барча динлардаги, турли эътиқоддаги жамоалар бир столнинг атрофида йиғилишиб, ҳар бир (Ислом, Насаро, Будда ва бошқалар) жамоа ўз динларининг конституцияси(келишуви)ни қабул қилсалар ва унга итоат қилсалар, яхши бўларди.
Шунда бир хил оят ва ҳадисни ҳар ким ўзларича шарҳлаб (тушиниб) кимлардир солиҳ ишлар, кимлардир гуноҳ ишлар қилиб юрмасди. Масалан, жиҳод калимасини кимлардир ўз нафсига ва ёмонликларга қарши кураш деб тушиниб, шу йўлда ҳаракат қилса, яна кимлардир жиҳодни қон тўкиш ва зўровонликлар қилиш деб тушиниб, шу йўлда ҳаракат қилади.
Бу глобал муаммони фақат мақолалар нашр қилиш, китоблар ёзиш, маърузалар ўқиш, ташвиқот қилиш, фикрлар хилма-хиллиги ва демократия кабилар билан ҳал қилиб бўлмаслигини ҳаёт кўрсатаяпти. Бунда эса уламолар, давлат раҳбарлари бир ёқадан бош чиқариб, жиддийроқ тадбирлар олишлари лозим. Бу эзгу мақсадга Аллоҳнинг ўзи баракотлар беришини тилаб,
Профессор Ахмад ҳожи Хоразмий динлар тадқиқотчисчи
Буюк Британия, Стокпорт шаҳри.
|