Ахмад ҳожи Хоразмий
Намоз Нормўминнинг “Тасаввуф рисоласи” ҳақида
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Намоз аканинг ёзганларини мен ўқиб бораман, айрим битиклари менга ёқади ҳам. У ёки бу соҳани таҳлил қилиб у ҳақда “Машшоихларга қўл ҳам кўнгил ҳам берманг” каби тавсия бериш учун шу соҳани ҳеч бўлмаганда ўртамиёна тушиниш лозим.
Афсуски, “Тасаввуф рисоласи” муаллифининг тасаввуф ҳақидаги билими ниҳоятда саёз ва бунинг устига тасаввуфга тиш-тирноғи билан қарши. Шу боис бўлса керак, тасаввуф билан боғлиқ нарсаларни бузиб кўрсатишга ҳаракат қилади.
Намоз аканинг “Қуруқ қошиқ оғиз йиртар” деганини ҳисобга олиб, Намоз аканинг рисоласидан айрим иқтибос келтирай: “Мисол учун икки юз мингга яқин инсон ўлдирилган Чеченистон муаммосининг асосий сабабларидан бири Тасаввуф ва тариқот тарафдари бўлган ота ва ўғил Қодировларнинг русларнинг ёнини олиши бўлганлиги кўпчиликка сир эмас…”
Аслида эса Дудаев ва Масхадов даврида Чеченистонни Россиядан ажратиб олиш учун Ваҳобийлар раҳномолигида юз берди бу воқеалар. У даврда сиёсат саҳнасида йўқ эди Қодировлар. Ота-ўғил Қодировлар раҳбариятга келганларидан кейин тинчлик ва бунёдкорлик ҳукм сурабошлади.
Лекин Намоз ака Қодировларнинг Тасаввуф ва тариқат тарафдори - сўфий эканликлари учун ваҳобийларнинг қилган ишларини сўфийларнинг устига ағдармоқчи бўлаяпти.
Тасаввуф ёки сўфийлик - ваҳдат ва тавҳид илми бўлиб, бир Аллоҳни севиш (ваҳдат) ва унга етишиш учун покланиш (тавҳид) ҳақидаги таълимотдир. Сўфийларга қўйиладиган асосий талаб нафс лаззатидан ва дунё молидан кечиш(фақирликд)дир. Шариат билан тариқат бир-бирига боғлиқ бўлсада улар ўз таълимоти ва мақсади жиҳатидан бир-биридан фарқ қиладилар. Шариат мусулмонликни камолатга етказади, унинг мақсади икки дунё роҳати. Тариқат эса руҳни камолатга етказади, мақсади Аллоҳга етиш, унинг дийдори.
Юқорида таъкидлаганимиз сўфийликнинг бош қомуси ва мақсади ҳисобланади. Бундан чекинганлар ҳақиқий сўфийликдан чекинган ҳисобланадилар. Намоз ака шу оддий нарсани ҳам тушинмай туриб «Тасаввуф рисоласи» каби жиддий нарсага қўл урганига нима дейсиз энди.
Султон Увайс Қарани, Шайх Юсуф Ҳамадоний, Нажмиддин Кубро, Аҳмад Яссавий, Абдулҳолиқ Ғиждувоний, Баҳуддин Нақшбанд каби азиз авлиёлар 99 фоиздан ортиқ Ўрта Осиёлик эътиқодли мусулмонларнинг зиёратгоҳи ҳисобланади. Намоз ака доҳил Ваҳобийлар юқоридаги каби машшойиқларни тан олмагшанлари ўз ёнига, лекин “Машшоихларга қўл ҳам кўнгил ҳам берманг”, деб бошқаларни ҳам бу йўлдан қайтаришга ҳаракат қилаяптилар.
Тасаввуф ва тариқат масаласида биз Намоз ака билан аввал ҳам мунозара қилганмиз. Ўша мунозара Намоз аканинг «Тасаввуф рисоласи»га тўғридан-тўғри алоқаси борлиги учун, қуйида ўша мунозара сал янгиланган ва қисқартирилган шаклда берилаяпти. Буни диққат билан ўқиган зукко ўқувчи тасаввуф ва тариқатни тушинишдаги Намоз ака ва менинг позициямга ўз баҳосини берар деб ишонаман.
* *
Тасаввуф ва тариқат мавзуси унинг шаклланган замонларидан бери тўхтовсиз, турли хил мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бундан икки йил олдин "Янги дунё” муҳаррири Юсуф Расул менинг "Янги дунё” кутубхонасидаги Ҳадиси шариф ўгитлари номли китобимнинг "Тасаввуф ва тариқат ҳақида” бобини эълон қилганида ҳам бу мақола кўплаган тортишувлар, баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди.
Шундан икки йил ўтиб, "Янги дунё”да менинг қаламимга мансуб "Тасаввуф ва тариқат ҳақида” номли мақола яна эълон қилинди. Унга “Янги дунё” таҳририяти ёзган сўзбоши пастда айнан келтирилади.
Тасаввуф ва тариқат ҳақида
Тасаввуф ва сўфийлик барча тарихий даврларда ҳам долзарб мавзу бўлиб келган. Сўфийлар мозийдан ҳам ҳукмдорларнинг ва шариат пешволарининг тазйиқи остида бўлганлар.
Шу билан бирга Амир Темур каби бюук ҳукмдорлар ҳам сўфийларни ўзларига пир деб билганлар ва уларнинг ҳаноқоҳларини ва мақбараларини обод қилганлар.
Даҳрийлар ҳукмронлиги даврида тасаввуф намаёндалари жоҳил, деб кўрсатилди ва бу даврда сўфийлар фаолияти деярли тугатилди.
Истиқлолнинг дастлабки йилларида тасаввуф намаёндалари ҳам бўй кўрсата бошлади. Уларнинг ҳалқ ичидаги эътибори тез суратлар билан ўса бошлади. Бу эса режим сиёсати учун жиддий хавф деб кўрилди ва улар фаолиятини чеклаш борасида жиддий (лекин норасмий) чоралар кўрила бошланди ва бу жараён ҳозир ҳам давом этмоқда.
Шундай бўлсада Ўзбекистонда минглаган тариқат муридлари билан бирга Нажмиддин Комилов, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Ориф Усмон, Садриддин Салим Бухорий, Ахмад ҳожи Хоразмий каби тасаввуф соҳаси олимлари тасаввуф илми борасида тадқиқотлар олиб боришаётгани ҳам сир эмас.
Ўзбекистон қишлоқ аҳлининг талаби асосида ва редакциянинг илтимосига биноан "Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” илмий-ишлаб чиқариш журналининг 2002 йил, № 3 сонида профессор А.Хоразмийнинг: "Баҳоуддин Нақшбанд таълимоти ва тариқати” номли катта мақоласи эълон қилинган эди. Мақоланинг хулосасида: "Ҳалқимизнинг маънавий ва иқтисодий жиҳатдан қийналаётган ҳозирги даврда ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд таълимоти Ўзбекистон ҳалқининг мафкураси бўлмоғи лозим”, деб таъкидланади.
Мақола муаллифи: "Нақшбандия тариқати сўфийси А.Хоразмий”, деб биринчи бор расман кўрсатилади. Бу эса ислом ва тариқат ихлосмандлари орасида ўзига хос шов-шувга сабаб бўлади. Буни эълон қилган журнал бош муҳаррири Зиёдулло Йўлдошев ишдан олиб ташланади. Мақола муаллифи (А.Хоразмий) МХХ назоратига олинади ва кўп ўтмай мухожиротга юз тутишга мажбур этилади.
Шу йилнинг бошларида "Uzbekistanerk.org” сайтида «Ислом ва тариқат йўлида», номли мақола эълон қилинади. Мақола муаллифининг "Профессор А.Хоразмий 2006 йилдан Буюк Британия жомеъ масжидларида "Тасаввуф ва тариқат”, "Нақшбандия тариқати ва таълимоти”, мавзуларида маърузалар ўқияпти. Тариқат ихлосмандлари уни "Шайх Хоразмий” , деб эъзозлаяптилар”, деб таъкидлаши ҳамюртимизнинг тасаввуф соҳасидаги илмидан хорижда ҳам баҳраманд бўлишаётгани бизда ғурур уйғотади.
Эсингизда бўлса шу йил 3-августда, саҳифамизда профессор А.Хоразмийнинг "Ҳадиси шариф ўгитлари” китоби эълон қилинган эди. Муштарийларимизнинг тасаввуфга бўлган қизиқишини ҳисобга олиб қуйида "Янги дунё” сайти кутубхонасидаги ушбу китобдан "Тасаввуф ва тариқат ҳақида” номли бобни эълон қиламиз.
"Янги дунё" таҳририяти
Мақоланинг долзарблигидан бўлса керак, бу мақолани "Дунё ўзбеклари” каби бугуннинг машҳур сайтлари ҳам нашр қилди.
Бу гал, бу мавзуга қизиқувчилар сони ўтган сафарга қараганда бирнеча баробарга ортди. Тасаввуф соҳасини яхшигина тушунадиган Муҳаммад Бекчон, Юсуф Расул каби таниқли қаламкашларнинг тасаввуф борасидаги катта-катта мақолалари эълон қилинди. Намоз Нормўминга ўхшаган антисўфийчилар бу борада ҳалигача қалам тебратишмоқда.
Бу мақолаларга талашиб-тортишиб муносабат билдираётганларнинг умумий сони юзга яқинлашаяпти, чамамда.
Муносабат билдирувчилар ичида айниқса икки кишининг ёзганлари эътиборимни кўпроқ тортди. Шоир Юсуф Расулнинг: "Салафийлар кимлар?” ёки Намоз Нормўминнинг фикрларига муносабат”, мақоласи менда катта таъсурот қолдирди.
Таъсурот қолдирди шунинг учунким, мен Юсуф Расулни шоир, ташкилотчи-журналист сифатида танирдим. Унинг бу ва кейинги мақолаларини ўқиб у яхшигина тасаввуф ва дин тарихчиси ҳам эканига (кўз тегмасин) ҳайрон қолдим. Ҳатто ўзини ислом билимдонларидан ҳисоблайдиган Намоз Нормўмин ҳам ўзининг "Ўрта йўлни қандай топамиз?” мақоласида Юсуф Расул ёзган факт ва фикрларнинг биронтасигада жўяли эътироз билдира олмаган.
* *
Юсуф Расул таъкидлайдики, Намоз ака тасаввуф ғояларини ботил (хато йўл) демоқда ва тасаввуф ихлосмандларини бу йўлдан қайтишга ундамоқда.
Бу қараш ваҳобийлар ва уларнинг издошлари бўлган салафийлар қарашидир.
Ваҳобийлар тиш-тирноқлари билан сўфийлар, тариқат пирлари, шайхлар ва мутасаввуф шоирларга қарши курашиб келмоқдалар. Улар тасаввуф намояндаларининг инсоният маънавияти ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшганликларини тан олишни истамайдилар.
Уларга қолса, биз Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб, Бобур Мирзо каби тасаввуф намояндаларидан воз кечишимиз керак.
Бу салафийлар ўз ҳаракатлари, фикр мулоҳазалари билан мухолифат ичида ваҳобийликни тарғиб қилиш билан шуғулланар экан, ҳамиша ўзбек халқининг буюк шоирлари ва тасаввуф олимларига тош отишгани отишган.
Маълумки, ўзбек тилининг асосчиси деб тан олинган Алишер Навоий суфизмнинг Нақшбандия сулуки, яъни йўлига хайрихоҳ бўлган. Навоий ижоди бошдан оёқ Нақшбандия тариқати ғояларини тарғиб қилишга бағишланган.
Агар биз ваҳобийларнинг фикрларига қулоқ соладиган ва Намоз ака айтгандек бу йўлдан қайтадиган бўлсак, Навоийдай улуғ шоиримиз асарларини ўқимаслигимиз керакми?
Куни кеча, аниқроғи 26 август куни салафийлар Сирия пойтахти Триполидаги "Шааб” номли сўфийлар масжидини булдозерлар билан бузиб ташлаганлари, сўфийлар кутубхоналарига ўт қўйганликлари бутун дунё мусулмонларини даҳшатга солди.
1979 йилги Ҳаж мавсумида салафий "Жухейман аль-Утайби” бошлиқ 500 нафар жангарилар гуруҳи Маккада Ҳаж ибодатини адо этаётган мусулмонларга қарши автоматлардан ўқ узишган, кўплаб ҳожиларни ўлдиришган эди.
Ўзбеклар ичида ҳам кўпайиб бораётган "ваҳобий”, "салафий”, "Ҳизб -ут таҳрир” оқимлари келажакда қаттиққул Каримов режими бироз юмшаса халқимиз бошига қандай кунларни солишлари мумкин?
Чунки, бу оқимлар демократия шароитида гуллаб яшнашини тарих кўрсатмоқда. Уларга сал эркинлик берсангиз, демократияни куфр деб эълон қилишади. Ҳеч тап тортмасдан маънавиятимиз обидаларини йўқотишни бошлаб юборишади.
Бугунги кунда Марказий Осиё давлатларида ҳам ғимирлаб қолган "салафий” ва "ҳизб”чиларга қарши ҳукуматлар аёвсиз кураш олиб боришмоқда. Тожикистоннинг ўзида шу кунлардаги ҳисобларга қараганда 50 мингдан ошиқ салафий борлиги аниқланган.
Қозоғистонда салафийлар шу қадар кучайиб, ҳатто ҳукумат ва парламентдан ҳам жой олишга улгуришибди.
"Демократия ороли” ҳисобланган Қирғизистонда эса салафийлар сони ҳаддан ошиқ кўплиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.
Ўзбекистонда эса Каримов зулми сабаб салафийлар жуда яширин иш олиб боришаётгани кўпчиликка сир эмас.
* *
Энди Намоз Нормўминнинг ёзган "Тасаввуф ва тариқат ҳақида”ни ўқиб, номли муносабатига келсак:
Намоз ака тасаввуфни ботил йўл ҳисоблаб, мени ва мен билан ҳамфикр бўлганларни Ислом билан ботил ғоялар(тасаввуф)ни бир-бирига аралаштирмасликка, бу йўлдан қайтишга чақирганлар.
Исломнинг 40 фарзидан бири амри маъруф орқали адашганларни тўғри йўлга солишдир. Бизни гумроҳ санаб тўғри йўлга солиш учунги Намоз аканинг саъий-ҳаракатлари учун Аллоҳ ундан рози бўлсин.
Бироқ мен тасаввуф(тариқат)га билмасдан ёки адашиб кириб қолганим йўқ. Мен (ва менга ўхшаганлар) тасаввуфни йиллар давомида ўргандим ва унинг ботил ғоя эмаслигига ишончим комил бўлганидан кейин ва бу маъсулятли йўлга руҳан таёр бўлганимдан кейингина кира олдим.
Ҳаммага маълумки, калимаи шаҳодатни дилида ва тилида келтирган одам Ислом(дин)га киради ва мусулмон бўлаолади. Лекин тариқатга кириб сўфий бўлиш ғоятда қийин ва бу камдан-кам мусулмонларгагина насиб қиладиган неъматдир.
Намоз аканинг "Тасаввуф ва тариқат ҳақида”ги мақолага ва шунга боғлиқ бўлган бошқа мақолаларга муносабатини диққат билан ўқиб чиқдим ва қуйидаги хулосаларга келдим:
-Намоз ака бу мақолани шошиб-пишиб, эътиборсиз ўқиган, ёки
-Намоз аканинг тасаввуф ҳақидаги билими ниҳоятда саёз, ёки
-Намоз ака ўз мақоласини ёзишда Расулуллоҳ(САВ)нинг:
"Ҳар бир ҳаракат ниятга яраша бўлғусидир”, дегани бўйича унинг нияти тасаввуфга тош отиш бўлган.
Намоз ака: "Ушбу мақола Ислом дини ҳақида нотўғри тасаввур тарқатишнинг энг ёрқин мисолларидан биридар”, дея даъво қилади. Намоз аканинг бу даъвоси асоссиз. Мен ёзган мақолада Исломга иҳонат келтирадиган битта ҳам сўз йўқ. Бу мақолада Тасаввуф ва тариқат ҳақидаги фикр ва мулоҳазалар айтилган холос. Буни мақоланинг сарлавҳаси ҳам айтиб турбди.
Намоз аканинг пантеизм, инсонни илоҳлаштириш каби даъволари ҳам асоссиз. Бу мақолада бундай нарсалар йўқ. Булар Намоз аканинг "Ҳар бир ҳаракат ниятга яраша бўлғусидир” ҳадиси асосидаги ўзининг тўқимаси холос.
Эътибор беринг-а, мендан келтирган иқтибосларининг биронтасигада жўяли эътироз айтаолмаган.
Намоз ака: "Тасаввуфнинг ақидаси Ла вужуду иллалоҳдир”, деб таъкидлайди. Бу ҳам унинг "ихтиро”си бўлса керак. Чунки мен шунча йиллардан буён тасаввуфни ўрганаётган бўлсам, бунақа ақидани Намоз акадан эшитаяпман.
Шуни тан олиш керакки, Исломдаги Ваҳобий, Салафий, Ҳизбутчи ва бошқалар каби, умумий мусулмонларнинг 2 % ини ҳам ташкил қилмайдиган Исломчи радикаллар каби тасаввуфда ҳам оз сонли адашган тариқатлар бўлган. Булар ҳақида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китобида ҳам келтирилган. Намоз ака айтаётган "Ла вужуду иллалоҳ” ақидаси ўша ботил тариқатларнинг биронтасида бўлса бордир.
Жуда кам сонли жоҳил Ислом радикалларининг ғоя ва даъватлари Ислом динига асос бўлмагани каби, уларнинг ҳам ақидалари тасаввуфда асос бўлаолмайди.
Намоз ака шайх Мансур Халложнинг: "Анал Ҳақ” дегани учун жоҳил муллалар патвоси билан қатл қилинганини ибрат сифатида, ўзига хос бир қониқиш билан қайд қилади.
Ҳа, Мансур Халлож ўзининг "Анал Ҳақ”идан қайтмаган, шу билан бирга "Худоликни даъво қилишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин”, дейишдан ҳам тўхтамаган. Ҳатто қатл қилинишидан олдин ҳам Худога сажда қилиб 100 ракатдан кўпроқ намоз ўқиган.
Мансур Халлож ҳақида шайх Аҳмад Яссавий:
Билмадилар жохил муллолар, "Анал Ҳақ”нинг маъносин,
Қол (жохил) аҳлига ҳол (ботиний) илмин Ҳақ кўрмаган муносиб,
Мансурдек авлиёни қўйдилар дорга осиб. деб ёзади.
"Ўша даврда Хожагон (ҳозирги Нақшбандия) тариқати сўфийларидан лоақл битта одам бўлганида ҳам ўша жоҳил муллоларга "Анал Ҳақ”нинг маъносини тушинтириб Мансур Халложни ўлимдан қутқарган бўларди”, деб ёзади Хожагон тариқати шайхларидан бири.
Юсуф Расул ўзининг Намоз Нормўмин фикрларига муносабатида: "Намоз ака тасаввуф ғояларини ботил (хато) йўл демоқда ва тасаввуф ихлосмандларини бу йўлдан қайтишга ундамоқда. Бу қараш Ваҳобийлар ва уларнинг издошлари бўлган Салафийлар қарашидир”, деб тўғри таъкидлаган.
Бунга эътироз сифатида Намоз ака ўзининг: "Ўрта йўлни қандай топамиз?” мақоласида: "Юсуф Расул ўз мақоласида менга кичкина туҳмат ҳам қилган. Яъни у киши мени Салафийликда айблаган. Холбуки, мен на бирон мақоламда, ёки бирор жойда ўзимнинг бу ёки бошқа бирор исломий гурух тарафдори эканлигимни айтмаганман”, деб ёзади.
Ислом радикалларидан биронтаси ҳам: "Мен Ваҳобийман”, деб айтган эмас. Улар доимо: "Аҳли суннатмиз, соф Ислом ва ақида тарафдоримиз. Биздан бошқа ҳамма ботил йўлда”, деб таъкидлаб келади.
Ўрни келганида айтсам, Намоз ака бирон масалани (у ҳоҳ тўғри бўлсин, ҳоҳ хато бўлсин) асосламоқчи бўлса, алоқадор бўлган ва бўлмаган, қатор оят ва ҳадисларни аралаш-қуралаш қилиб тўлдириб ташлайди. Бир қараганда (Исломни чуқурроқ билмаган одам) Намоз акани Қуръон, Ҳадис, Фикх илмининг уламосимикан дейди.
Нормўминчиларнинг кўпларида шундай одат бор. Коммент ёзадиганларга эътибор беринг-а, биттаси ўз қарашининг тўғри эканлиги ҳақида қатор оят ҳадис ва бошқа маълумотлар келтиради. Иккинчиси эса сеники хато, меники тўғри деб, ундан ҳам кўпроқ оят, ҳадис, ривоят ва нақллар келтиради. Қайси бири оят ва ҳадисларни кўпроқ келтирган бўлса шуники тўғри, деб бўлмаса керак.
Эътибор беринг-а, Намоз ака: "Ўрта йўлни қандай топамиз?”, деган 3-4 саҳифалик мақоласида сарлавҳа(мақсад)га алоқадор: "...динни ўрганишнинг ва тараққий қилдиришнинг мўътадил (ўрта) йўли тарафдориман”, деган жумласидан бошқа ҳеч нарса йўқ. Бу жумла ҳам ўрта (мўътадил) йўлни қандай топиш ҳақида биронта билги бермайди.
Намоз ака Юсуф Расулга бирнеча саволлар билан мурожат қилади. Булар ичида Мавлоно Румий ҳақидаги саволига Юсуф Расул ўзининг "Дин – бир кўприкдир” мақоласида чиройли бир услубда, билвосита қилиб жавоб берган бўлсада, Намоз ака ботил деб ҳисоблаётган тасаввуфнинг кичкина бир вакили, Мавлоно Румийнинг тарафдори сифатида мен ҳам муносабат билдиришни вожиб деб билдим.
Намоз ака Мавлоно Румийнинг тасаввуф (ботиний) аснода битган шеърларига ишора қилиб, ғазаб билан: "Ислом динида эса ҳақиқат (ҳукм) зоҳирга қараб баҳоланади”, дейди. Яхшиямки, Румий замонида Намоз ака бўлмаган, акс ҳолда Жалолиддини Румийнинг бошига ҳам Мансур Ҳалложнинг куни тушарди.
Яқингинада ўтган сўфий шоир Боборахим Машраб:
Бода ҳам ёр бўлмаса Маккага бормоқ не керак,
Иброҳимдан қолган эски дўконинг на қилай.
Бошимга урайинму саккиз беҳишт ҳам дўзахинг,
Ёр васли гар бўлмаса, икки жаҳонинг на қилай.
Дегани учун бу шеърнинг ботинига эмас, Намоз ака айтганидай зоҳирига қараб жоҳил муллалар патвоси билан бир авлиё (сўфий) шоир – Девонаи Машраб қатл қилинган.
Ўзбекнинг бугунги даҳо шоири деб тан олинган Абдулла Орипов ҳам “Озодлик”ка берган интервьюсида жоҳил муллаларни кўзда тутиб “Авлиё шоир Машрабни осган элдан қадр тилармидим”, деб бекорга айтмади.
Ислом динида ҳақиқат (ҳукм) зоҳирга қараб баҳоланса, тасаввуфда ҳақиқат (ҳукм) ботинга қараб баҳоланади. Аллоҳ ўз бандаларининг зохири(катта салласи-ю, узун соқоли)га эмас, ботини(қалби, амали)га қараб баҳолаши ҳақида истаганча оят ва ҳадислар борлигини Намоз ака яхши билади-ю, лекин билмаганнинг хуйини тутади.
Сўзимнинг интиҳосида биз ҳам, Намоз ака ва унинг тарафдорларини тасаввуфга тош отишдан тийилиб, радикал ислом ва сиёсатдан, ўзи таъкидлаганидек, мўътадил (ўрта) ислом ва сиёсатга ўтишга даъват қиламиз. Шунда шояд нажот топгувчилардан бўлсалар.
Тасаввуф ва тариқат ҳақида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шоир Муҳаммад Солих каби қатор таниқли одамларнинг китоблари нашр қилинди. Лекин булар ҳам бу (Ислом ва тасаввуф) борадаги мунозараларга узил-кесил чек қўя олмаса керак.
Шуларни ҳисобга олиб, тасаввуфга хайрихохлар учун ҳам, унга қаршилар учун ҳам бир таклифимиз бор. Бу масалада ўрта йўлни топиб, умумий бир муросага келинса.
Бу ўрта йўл ва муроса сифатида Қуръони каримнинг "Кафирун” сурасидаги: "Сизнинг ҳам ўз йўл(дин)ингиз бор, бизнинг ҳам ўз йўл(дин)имиз бор” дейилган 6-ояти ва шунга ўхшаш муроса борасидаги Қуръони каримда келтирилган тегишли оятлар асос қилиб олинса.
Шояд Аллоҳнинг инояти билан, мусулмонлар орасидаги минг йилдан кўпроқ вақтдан бери давом қилаётган бу низо барҳам топиб, Намоз Нормўмин ва Ваҳобийлар ҳидоятга келсалар.
Муросани мақсад қилган бу саъий ҳаракатларимизни Аллоҳнинг ўзи қўлласин. Омин, Аллоҳу акбар.
Ахмад ҳожи Хоразмий – Нақшбандия тариқати сўфийси
Буюк Британия, Стокпорт шаҳри, 2016
|
Шарҳлар
Sarvar
30.01.2016 at 00:51
Хоразмий домланинг бу мақоласини шу сайтда бир ҳафтача олдин ўқигандим. Бугун айнан шу мақоланинг яна сайтда пайдо бўлганига ажабландим.
Кейин билсам бу иш сайт муҳаррирининг ўзига хос бир янги услуби экан. Аввалгиси Намоз аканинг “тасаввуф рисоласи”га жавоб (раддия) сифатида қўйилган бўлса, буниси Намоз аканинг кейинги ёзганига раддия сифатида қўйилган.
Хоразмийнинг бу мақоласини тасаввуфга қарши ёзилган ҳарқандай мақола билан бирга қўйилиши ҳақ билан ботилни қиёслаб ажратишда зарур бўлади.
Биродар Карим
29.01.2016 at 21:19
Бировлар ваҳобийларни, бировлар ҳизбутчиларни, бировлар сўфийларни, яна кимлардир атеистларни ёқтиришмайди. Албатта, бу ҳар кимнинг ўз иши.
Бирдамлик фаоли Маннопов атеистлигини, М.Абутов салафийлигини, А.Хоразмий сўфийлигини, ҳизбутчилар эса ҳизбутчи эканликларини яширишмайди.
Манашу мақолага қарасангиз ваҳобийлардан қўрқмасдан домла ўзини “Нақшбандия тариқати сўфийси” деб кўрсатган ва бу билан ғурурланади ҳам.
Нимага Н.Нормўмин ўзининг ваҳобий эканлигини дадил ёзмайди? Жасорати етмайди-ми?
Samad Olimov
28.01.2016 at 20:45
Xalifalik davrida, (hatto Eronda hozir ham) davlatni hukmdorlar shariat peshvolarining fatvolari bilan boshqarganlar.
Tasavvuf ahli shariatga, davlat ishlariga va siyosatga umuman aralashmaganlar. Ular ruxiy tarbiya bilan shug’ullanganlar.
Aynan shu sabab halq sufiylarni ardoqlagan va hozir ham ularga halqning e’tiqodi baland.
28.01.2016 at 09:40
Men ham Jamshid Xayrullayevning ma’qullagan holda Shayx Hazratlarining “Tassavvuf haqida tasavvur” kitoblarini o’qishni maslahat berardim. Aslida tortishuvlar qiyomatgacha tugamaydi, vaqt zoe ketishi achinarli xolos.
Зафар Сардор.
28.01.2016 at 02:45
Хоразмий домланинг шу мақоласидан кейин ҳам Намоз ака Тасаввуфга тош отишда давом қилса, демак унга на илм, на ўгит, нада насиҳат кор қилмайди. Яъни Аллоҳ тамонидан Қуръоннинг 87-сураси, 9-оятида айтилган: “Панд-насиҳатни оладиганларга қилинг. Насиҳат кор қилмайдиганларга сўзингизни исроф қилманг”,кўрсатмасига амал қилиш лозим бўлади.
Пайғамбаримизнинг: “Ҳар бир ҳаракат ниятга яраша бўлғусидир”,дегани бўйича унинг нияти ва олган топшириғи тасаввуфга тош отиш бўлади. Унақаларни қайтариб бўлмиди
Ахмад ҳожи Хоразмий
28.01.2016 at 02:22
Муҳтарам Қодирга!
Ислом дунёси Абдул Ваҳҳобгача илм-фанда илғор бўлган. Хоразмийлар, Берунийлар Фарғонийлар ва бошқалар бунга мисол.
Ҳарқандай янгиликни бидъат санайдиганлар сўфийлар эмас, Ваҳобийлардир.
Ҳа, сўфийликнинг талабларидан бири бу фақрликдир. Бу дегани дунё молига ҳирс қўймаслик дегани.
Ўрта Осиё ҳукмдорларининг пири ҳисобланмиш, мол-давлати беҳисоб бўлган шайх ҳожа Ахрор Валий ўзи фақрона яшаб, мол-давлатини илм-маърифат эгаларига, камбағалларга сарфлаган.
Кодир
27.01.2016 at 22:54
Мен албатта мутахассис эмасману. Лекин мусулмон оламининг оркага кетиши, илм, тараккиёт, фан, технология сохасида оксаб, жохилликка юз тутишига асосий сабаб суфийлик идеологияси эмасмикан? Камбагаллик, дунёдан юз угириш, факирлик, дунё ишларини нарига суриб куйиб, таркидунёлик таргиб килиниши окибатида, илгари тараккий этган мусулмон дунёси таназзулга учрамадимикан?
Olim
27.01.2016 at 23:51
Sayt redaktorining didiga qoyil qoldim. Muallifning suratni qarang “Tadsavvufga tosh otmang!” deb turibdi.
Men Namoz Normuminning “Tasavvuf risolasi”ni uqib borayapman. Uni rad qiladigan manabu maqolani ham qayta-qayta uqib, Bakalavr darajasidagi odam bilan Professor darajasidagi odamning ilmi va saviasi qanaqa bulishini tushindim.
Shu asosda N.Normuminga: “Tengingiz bilan tortishing!” deb maslahat bermoqchiman.
- Карим Жаббор
27.01.2016 at 23:34
Раҳмат Исмат ака законний ответ нашр қилибсиз.
Бу мақолани ўқиган Ваҳобийларнинг дами ичига тушиб кетса керак.
Бу мақолада менга энг кўп ёққан жойи “…истаганча оят ва ҳадислар борлигини Намоз ака яхши билади-ю, лекин билмаганнинг хуйини тутади” дегани бўлди.
Ростан ҳам, Намоз ака ҳа деб Ваҳобийларнинг хуйини тутмасдан сўфийларнинг ҳам хуйини тутиб кўриши керак.
- Jamshid Xayrullayev
27.01.2016 at 16:31
Hamoz Normumon “Tasavvuf risolasi”ni yozishdan oldin Shayx muhammad sodiq muhammad yusuf hazratlarini tasavvuf haqida tasavvur kitobini o’qish kerak edi.
- Abdulsalom
27.01.2016 at 11:05
Baraka toping Xorazmiy domla, Olloh rozi bolsin sizdan. Sizning bu maqolangizni uqib hatto Namoz Normumin kabi radikal Vahobiylar ham iymonga kelsa ajab emas.
|